Ўзбекистон | 13:07 / 01.07.2020
22538
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда наркодиспансерларда ҳисобда турганлар сони очиқланди

2019 йил якунида республикада 5 мингдан ортиқ наркотик воситалари билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. 

Фото: Getty Images

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан навбатдаги жамоатчилик мулоқоти ташкил этилди. Бу ҳақда ҳаракат хабарида айтилган.

Мулоқотда Ўзбекистонда наркотик воситалари ҳамда психофаол препаратлар тарқалишининг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, руҳий жиҳатлари муҳокама қилмоқда, “дорихона наркоманияси”нинг ўсиш факторлари, глобал тенденциялар, тизимли муаммоларни кўриб чиқиляпти.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи Шуҳрат Ғуломовнинг сўзларига кўра, 2019 йил якунида Ўзбекистонда 5 мингдан ортиқ наркотик воситалари билан боғлиқ жиноятлар содир этилган.

“Тан олиш керак, бутун дунё ҳамжамиятида гиёҳвандлик, наркожиноят билан боғлиқ муаммолар жуда кўп. Бу муаммоларга дуч келмаган давлат ҳам бўлмаса керак -  баъзилари етиштирса, баъзилари етказиб беради. 

Ўзбекистон Афғонистон билан бевосита чегарадош эканлиги, қўшни мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилиши тўхтамаётгани салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти. БМТ маълумотларига кўра, 2017 йилда Афғонистонда рекорд даражада, яъни 9 000 тонна опий етиштирилган. Уларнинг асосий қисми транзит йўллар орқали, жумладан Ўзбекистондан ҳам олиб ўтилган. Бу эса транзит давлатларга ташвиш келтирган.

2019 йил якунида республикамизда 5 мингдан ортиқ наркотик воситалари билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. 1 тонна 200 кг атрофида наркотик воситалар мусодара қилинган. 

Наркодиспансерда ҳисобда турганлар эса 5 698 нафарни ташкил этган”, - деди Ш. Ғуломов.

Мавзуга оид