Жамият | 11:32 / 02.07.2020
8734
4 дақиқада ўқилади

«E-IJRO AUKSION»: қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик йўлида

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш, хуфиёна иқтисодиётга барҳам бериш, давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларда очиқликни таъминлаш бўйича қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»даги 3149-сонли қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, мулкни реализация қилиш бўйича қонунийлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш, нарх-наво манипуляцияси ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик ҳамда уларнинг олдини олиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни реализация қилишда коррупцияни, давлат мулкини сотишда турли ноқонуний тузилмалар пайдо бўлишининг олдини олишга хизмат қилиб келмоқда.

2020 йилнинг 6 ойи мобайнида «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида очиқ аукционлар орқали бошланғич нархи 559 млрд сўмлик 8,4 минг мулк 651,2 млрд сўмга, яъни бошланғич нархига қараганда 92 млрд сўм қимматроққа реализация қилинди. Онлайн аукционларда қатнашиш учун 34,3 минг нафардан ортиқ иштирокчилардан аризалар келиб тушган бўлса, уларнинг асосий қисми тадбиркорлик ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини сотиб олиш истагини билдирган.

Коронавирус пандемияси даврида Республикамизда тадбиркорлар учун тадқим этилган имтиёзлар натижасида биргина июнь ойида ўтказилган онлайн аукционларда иштирокчилар сони янада ошиб, мулкларни харид қилишда қизғин курашлар бўлиб ўтди. Мисол учун:

 

Тошкент вилояти, Оҳангарон туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси қуришга мўлжалланган ер участкаси учун ўтказилган савдода 4 та талабгор бошланғич нархи 127 млн.сўмлик лот учун курашиб, 135 қадамдан сўнг, якунда ушбу ер участкаси 985 млн сўмга реализация қилинди.

 

Хоразм вилояти, Гурлан туманидаги давлат активи бўлган тикувчилик мажмуаси электрон онлайн аукционда 95,9 млрд сўмга сотилди.

Тошкент шаҳри Учтепа тумани, Дилкаш кўчаси, 2-уйда жойлашган бошланғич нархи 750 млн сўм бўлган собиқ завод ҳудуди ҳамда мазкур бинодаги текстил ишлаб чиқариш ускуналари учун савдоларда 15 нафар иштирокчи ўртасида ўтган онлайн аукционда мулк нархи 796 қадамга оширилиб, 12,7 млрд сўм нарх тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳридаги бошланғич нархи 7,6 млн сўмлик кўпқаватли турар жой бинолари қуришга мўлжалланган ер участкаси онлайн савдоларда 705,2 млн сўмга сотилди. Онлайн савдода 5 нафар иштирокчи ўртасида қизғин кураш борган.

Самарқанд вилояти, Қўшрабод туманидаги бошланғич нархи 3,9 млн сўмлик ер участкаси учун онлайн савдоларда 218 млн сўмга сотилди. Онлайн савдода 2 нафар иштирокчи ўртасида савдолар ўтди.

Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги бошланғич нархи 291 млн сўмлик ер участкаси учун онлайн савдоларда 888,8 млн сўмга сотилди. Онлайн савдода 11 нафар иштирокчи ўртасида қизғин кураш борган.

Юқорида келтирилган онлайн савдолар натижасидан кўриниб турибдики, «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали ўтказилган электрон онлайн аукционлар очиқлик тамойилига асосланиб, самарали тарзда ўтказилмоқда. Яратилган тизим халқимизни рози қилиш билан бирга, фуқароларнинг турли идораларнинг остонасида мулк сотиб олиш, уни расмийлаштириш билан боғлиқ масалаларда сарсон бўлиши ҳолатларига чек қўймоқда.

Бугунги кунда e-auksion.uz савдо майдончасида 8,7 мингдан ортиқ мулклар савдога чиқарилган бўлиб, 3700 дан ортиқ тадбиркорлик фаолияти учун, 2200 дан ортиқ якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини сотиб олиш имконияти мавжуд. Сиз ҳам шаффоф аукционларда иштирок этиб, мулк эгасига айланинг.

«Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» PR хизмати

Мавзуга оид