Иқтисодиёт | 17:17 / 06.07.2020
53823
15 дақиқада ўқилади

Рақамли иқтисодиёт – ривожланиш трендлари ва хусусиятлари

Электрон ҳукуматга доир элементларни татбиқ этиш ва рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг яқин истиқболдаги тараққиёт режасидан мустаҳкам ўрин олган. Бу, биринчи навбатда, электрон ҳужжат алмашиш улушини янада ошириш ва давлат хизматларининг муайян қисмини Давлат хизматлари марказлари орқали босқичма-босқич равишда электрон шаклга ўтказиш вазифаларига тегишлидир. Телекоммуникация инфратузилмаси бу жараёнда муҳим вазифани бажаради.

Рақамли иқтисодиётнинг афзалликлари

Рақамли иқтисодиётга бўлган қизиқиш жамият ва иқтисодиётда рўй берган жиддий ўзгаришлар туфайли сезиларли даражада ўсди. Замонавий технологиялар ва платформалар мижозлар, ҳамкорлар ва давлат ташкилотлари билан шахсий мулоқотни минималлаштириш ҳисобига корхоналар ва жисмоний шахсларга харажатларни қисқартиришга ёрдам берди, шунингдек, ўзаро мулоқотни янада тез ва осон йўлга қўйишга имконият яратди. Натижада тармоқ ресурсларига асосланган, рақамли ёки электрон иқтисодиёт пайдо бўлди.

«Рақамлаштириш» сўзи аслида янги атама бўлиб, инновацион бошқарув ва иш юритиш жараёнига IT ечимларнинг жалб этилишини, бунинг самараси ўлароқ эса интернет буюмлардан тортиб, электрон ҳукуматгача бўлган барча тизимларда ахборот технологияларини қўллашни кўзда тутади.

Иқтисодиётнинг рақамли сегментига тегишли бош манба – тракзакцион секторнинг ўсишидир. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич ЯИМнинг 70 фоиздан ортиқ миқдорни ташкил этиб, давлат бошқаруви, консалтинг ва информацион хизмат кўрсатиш, молия, улгуржи ва чакана савдо, шунингдек, хизматлар соҳасини (коммунал, шахсий ва ижтимоий) бирлаштиради.

Иқтисодиёт диверсификацияси ва динамикаси қанчалик юқори бўлса, мамлакат ичида ва ташқарисида ноёб ахборотлар айланмаси шунчалик кўп, миллий иқтисодиётлар ичида ахборот трафиги эса шу қадар салмоқли бўлади. Шу боис иштирокчилар сони кўп ва IT хизматлар кенг тарқалган бозорларда рақамли иқтисодиёт жадал суръатларда ривожланади.

Айниқса, бу – транспорт, савдо, логистика ва шу сингари интернет билан фаол ишловчи соҳаларга чексиз қулайликлар яратади. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, уларда электрон сегментнинг улуши ЯИМнинг 10 фоизига яқинлашиб, 4 фоиз аҳоли бандлигини таъминлайди. Энг аҳамиятлиси, бу кўрсаткичлар барқарор тарзда ўсиб боради.

Шубҳасиз, рақамли иқтисодиётнинг самарадорлигига нафақат ахборот технологияларининг қамрови ва инфратузилманинг мавжудлиги, балки ишбилармонлик муҳити, инсон капитали ва муваффақиятли бошқарув инструментлари каби стандарт иқтисодий мезонлар ҳам таъсир кўрсатади. Бинобарин, иқтисодий тараққиёт айнан уларга таянади, бу эса ушбу мезонларнинг рақамли иқтисодиёт ривожланишида аввалгидай муҳим ўрин тутишини билдиради.

Рақамли иқтисодиёт кўз ўнгимизда яралмоқда

Ҳозир бутун дунё бўйлаб янги сервислар ва бизнес моделларни яратиш учун IT инструментлардан фойдаланадиган эски ва янги компаниялар аксарият соҳаларда етакчи бўлган компанияларга кучли рақобат туғдирмоқда.

Прогнозларга кўра, яқин йилларда макроиқтисодиёт «lean production», аддиктив, нано ва биотехнология мезонларига таянадиган ишлаб чиқарувчиларга қаттиқ боғлиқ бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан оқилона бошқарув учун зарур ҳисобланган ахборот кўлами ҳам ортиб боради, ишлаб чиқариш ва фуқаролар мулоқоти, бизнес ва давлат органларини бошқариш тузилмаси эса жиддий ўзгаришларни бошдан кечиради.

Қуйидагилар бунда ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт йўлига босқичма-босқич чиқиш учун асосий шарт ва омиллар сифатида кўрсатилмоқда:

  • ахборотлаштириш ва давлат бошқаруви органлари ҳамда муниципал хизматларни интеграциялаш ҳисобига электрон ҳукумат ва рақамли шаҳар концепцияларини татбиқ этиш;
  • янги технологик авлоддаги маҳсулотларни ялпи ишлаб чиқариш (пилотсиз автомобиллар ва бошқалар сингари);
  • ўзига хос безак ва қурилиш материаллари ёрдамида «ақлли» ва экологик уйларни барпо этишга оид ғояларни амалга ошириш;
  • аутсорсинг, ўзини банд этиш ва бошқалар орқали бандликнинг муқобил шаклларини кенг тарғиб қилиш;
  • муайян вазифаларни бажариш учун ишчи-фрилансерларни излашга хизмат қиладиган профессионал тармоқларни яратиш.

Юқоридагилар барчаси бизнесга ишлаб чиқариш ва бошқарувда товар ва электрон хизматлар интеграцияланадиган замонавий платформалар ёрдамида харажатларни қисқартиришга имконият беради. Биринчи галда бу масала хизматлар буюртмаси интеграцияси, ресурслардан биргаликда фойдаланиш, контрагентларни танлаш, электрон савдони юритиш, тўловлар ва бошқаларга тегишлидир.

Технологик рақамли муҳит – бу юридик ва жисмоний шахслар ҳамкорликдаги фаолият учун бутунлай янги мулоқотни йўлга қўядиган «аквариум» ҳисобланади. Ахборот технологиялари корхоналарга бутунлай янги, янада жадал иш суръатларини ўзлаштириш ҳамда хизмат ва маҳсулотлар шаклини хилма-хиллаштиришга имконият яратади. Бундан ташқари, тадқиқотчилар қисқа сақланадиган маҳсулотларнинг бозорга чиқарилиши ҳақида ҳам гапиришмоқда.

Хизмат кўрсатиш соҳаси ҳақида гапирадиган бўлсак, ахборот технологиялари кўплаб кундалик вазифаларни ҳал қилади, бунинг натижасида эса йирик кўламдаги амаллар тезроқ, арзонроқ, қулайроқ ва ўртадаги воситачиларсиз бажарилади.

Электрон савдо, интернет-банкинг ва бошқа шу каби замонавий йўналишлар кундан кунга ривожланиб бормоқда. Натижада даромадни ошириш учун аксар соҳаларда автоматик тармоқли сервислар (масалан, сифатли веб-сайт ёки мобил илова каби) бизнесдаги воситачилар ўрнини эгалламоқда.

Бунинг самараси ўлароқ бизнес хизматга белгиланган нархларни сезиларли даражада тушириши, макроиқтисодий йўналишда эса якка ишлаб чиқариш ва нотўлиқ бандлик кўрсаткичлари ўсиши мумкин. Шунингдек, краудфандинг ва краудсорсинг каби йўналишлар ҳам ҳозирда янги иқтисодий технологиялар сирасига киритилмоқда.

Иқтисодчиларнинг фикрига кўра, айни вақтда бу каби ўзгаришлар натижасида қўшимча қийматни чиқариб олиш амалиётига асосланган иқтисодиёт ҳамкорлик ва манфаатларни баҳам кўриш («sharing-economy») иқтисодиётига алмашмоқда. Бу эса бозордаги рақобат ўз ўрнини ўзаро манфаатли кооперацияга ва ҳамкорликка фаол бўшатиши, шу билан бирга, вертикал мулоқотдан ўзаро тенг муносабатлар ва бир-бирини тўлдирувчи хизматларга ўтишига умид уйғотади.

Тахминларга кўра, бу сервислар сонининг ортиши ва хизматларга доир электрон савдо ҳажмининг ўсишида ўз аксини топади.

Рақамли секторнинг иқтисодий аҳамияти

Таъкидланишича, рақамли технологиялар иқтисодиётга боғлиқ 50 фоиздан ортиқ соҳаларни кескин ўзгартириб юборади. Ушбу қараш ахборот технологиялари ва рақамли платформалар бизнес моделларни кескин ўзгартириб, уларнинг самарадорлигини воситачиларни бартараф этиши ва жараёнларни оптималлаштиришига асосланган.

Жаҳон банки ҳисоб-китоблари биноан, тезкор интернет фойдаланувчиларининг 10 фоизга кўпайиши йиллик ЯИМ кўламини 0,4 фоиздан 1,4 фоизгача ошириши мумкин экан.

Шунингдек, рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ЯИМдаги улуши ҳар йили тахминан 20 фоизга ўсиши (ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 7 фоиз атрофида) унинг аҳамияти белгилайдиган кўрсаткич сифатида қаралади.

2010 йилда Boston Consulting Group компанияси рақамлаштириш кўламини 20та мамлакатдан иборат гуруҳ учун 2,3 триллион долларга (4,1 фоиз ЯИМ) баҳолаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 10-15 йилдан кейин бундай иқтисодиётнинг жаҳон ЯИМидаги улуши 30-40 фоизга яқинлашади.

Ривожланаётган иқтисодиётларда IT соҳасида тахминан 1 фоиз аҳоли меҳнат қилади, ушбу сектор иш ўринларини бошқаларга солиштирганда нисбатан қамроқ яратади. Бироқ IT йўналишининг юксалиши янги технологияларни ўзлаштираётган бошқа соҳаларда иш ўринларининг яратилишига туртки беради (IT соҳасида яратилган ҳар 1та янги иш ўрни учун ёндош соҳаларда 4,9та иш ўрни тўғри келади).

Рақамли иқтисодиёт тадбиркорлар ва ўзи учун ишлайдиган инсонларга янги уфқларни дадил очиб бермоқда.

Кўпинча IT соҳасининг ривожига қўшилган ҳисса иқтисодиётнинг ривожланиши, янги иш ўринларининг яратилиши, одамлар ва бизнес учун янги турдаги хизматларнинг пайдо бўлиши, электрон ҳукумат лойиҳалари доирасида харажатларининг қисқаришига замин яратади.

Шу билан бир вақтда, ахборот технологияларини татбиқ этишдан ҳосил бўлган умумий эффект кутилганидан самарасизроқ бўлиб чиқади ва бир хил тартибда тақсимланмайди.

Бу каби инвестициялардан максимал натижа олиш учун технологияларнинг Жаҳон банки тайёрлаган маърузасида «аналог тўлдирувчилар» деб номланган бошқа омиллар билан ўзаро таъсирини яхши тушуниш талаб этилади.

Улар қаторида:

  • фаол ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватлайдиган ҳамда бизнес ва инсонларга рақамли иқтисодиёт технологияларидан рақобат ва инновациялар, харажатларни қисқартириш, шунингдек, турмуш фаровонлигини ошириш учун фойдаланишга имкон берадиган норматив-ҳуқуқий база;
  • бизнес менежменти ва давлат хизматчиларида ахборот технологияларини қўллашга доир тўлақонли кўникмалар; 
  • ахборот технологияларидан фойдаланиш йўналишида консалтинг хизматларини кўрсатадиган институтлар (давлат ва хусусий) ўрин олган.

Рақамли иқтисодиёт ҳосил қиладиган эффектларни тўлиқ санаб ўтиш анча мураккаб иш, бинобарин, электрон сервислар ва метамаълумотлардан фойдаланиш имконияти иқтисодий объектларга тақдим этадиган алоқаларни тўлақонли тарзда баҳолаш анча мушкулдир. Шу боис ахборотлаштиришга сарфланадиган инвестицияларнинг муҳимлигини, айниқса давлат даражасида асослаш бир қадар қийин вазифа ҳисобланади. У ёки бу соҳада яратилган гигибайт ахборотни реал ҳолатда ҳар доим ҳам ҳисоблаб чиқишнинг имконсизлиги ўз-ўзидан тушунарли ҳодисадир.

Рақамлаштириш – янги иқтисодий технологияларнинг йўлдоши

Ахборот платформаларини бирлаштириш натижасида пайдо бўлган мулоқот моделлари янги иқтисодий технологияларнинг (ЯИТ) пайдо бўлишига туртки беради.

ЯИТ – бу ташкилий бошқарув тизимларига бирор мақсадга хизмат қиладиган ахборот (маълумотлар, ғоялар ва билимлар) маҳсулотларини яратиш, уларни узатиш, сақлаш ва акс эттириш учун яхлит технологик платформага бирлашувчи ва иқтисодий агентлар мулоқотига сарфланадиган тракзакцион харажатларни максимал даражада камайтирувчи маълумотларни қайта ишлашга доир ҳар жиҳатдан янги «созланувчи» воситалар ва методлар йиғиндисидир.

ЯИТнинг асосий тамойиллари:

  • тубдан янги бизнес моделларни яратиш;
  • ҳар хил IT хизматларни оқилона бирлаштириш ва улардан фойдаланиш методларини реал иқтисодиёт секторидаги ташкилий ва технологик жараёнларда қўллаш;
  • транзакцион харажатлар ва ишлаб чиқаришда қўлланиладиган моддий ресурсларни  минималлаштириш.

ЯИТ рақамли технологиялар асосида мавжуд иқтисодий реалияларда ривожланиб боради. Аввалроқ ишлаб чиқариш, савдо ва молияга оид технологиялар пайдар-пай такомиллашиб келган бўлса, ҳозир юзага келган ЯИТлар горизонтал муносабатларга (ўз-ўзини ташкил қилиш ва сингулярлик), инновацион тадбиркорлик (ўз-ўзини ривожлантириш), ахборот муҳандислиги (ўз-ўзини такомиллаштириш) ва иқтисодий жараёнларнинг автоформализациясига (автоматик тузилиш) таянч вазифасини ўтамоқда.

ЯИТнинг чинакам асосини ахборотни тизимлаштириш ва таҳлилий қайта ишлашга мўлжалланган data-марказлар ва замонавий АТ платформалари шакллантиради. Бунда бошқарувга доир консалтинг ва бизнес таҳлилга алоқадор хизматларни тақдим қилиш йўналишини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ахборот-консалтинг хизматлари ва давлат тараққиёт агентликлари сингари янги институтлар ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришнинг ташкилий асоси бўлиб хизмат қилади.

Рақамли технологиялар ва хатарлар

Рақамли иқтисодиётнинг энг фаол драйвери – бу давлатдир. У рақамли иқтисодиётнинг асосий буюртмачиси ва истеъмолчисидир. Масалан, Хитой бу мақсадлар учун 9 млрд доллар атрофида маблағ сарфлаган. Бозор капитализацияси 210 млрд доллардан зиёд бўлган Alibaba интернет ресурси ушбу сармояларнинг тўғри йўналтирилганини исботлади.

Рақамлаштиришдан максимал фойда олишни истаган давлат, зарурий юқори технологик махсулотларнинг бозорини яратиши ва уни қўллаб-қувватлаши лозимдир. Шу билан бирга, параллел тарзда давлат бошқаруви, муҳим соҳалар ва корхоналар учун хусусий иловаларни ривожлантирган ҳолда, электрон иқтисодиётнинг асосий платформаларини назорат қилувчи инструментларни ўз измида сақлаб қолиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Хусусан, Япония технологияларни харид қилган бўлса-да, ушбу йўналишда ўзининг ишлаб чиқарувчи тармоқларини яратолмагани ва техник ишланмалар даражасини муттасил юқори ҳолатда тутолмагани туфайли, рақамли иқтисодиётдаги етакчи позицияларни қўлдан бой берди.

Жанубий Корея эса электрон ҳукумат ва электрон воситачиликка (электрон тижорат фаолияти ва давлат тендер харидларини ўтказиш учун) миллий бюджетнинг 1 фоизига тенг миқдорда сармоя киритиб, ҳар йили 10-15 миллиард доллар ҳосил қилмоқда ва харажатларни 30-40 баравар қоплайдиган даромад олмоқда. Жумладан, давлат ва хусусий секторда call-марказларни ташкил қилиш, мобил иловаларни яратиш ва давлатга тегишли интернет-платформаларни реинжиниринг қилиш орқали мана шундай натижага эришилди.

Давлат бошқарувидаги ахборот тизимлари билан ишлайдиган кадрларни тайёрлаш ушбу соҳанинг муҳим йўналишларидан бўлиб қолмоқда. Мисол учун, ўтган асрнинг 70-йилларида Бельгияда давлат органлари ходимларини ўқитадиган ва улар учун бевосита иш ўринларида тизимларни созлайдиган мутахассисларнинг махсус мобил гуруҳлари (жумладан ихтисослик ўқув юртларидаги ўқитувчилар ва талабалар ҳам жалб этилган ҳолда) ташкил қилинади.

Рақамли соҳанинг яна бир нозик жиҳати шундаки, мураккаб рақамли тизимларни ишлаб чиқиш ва уларни амалда қўллаш жиддий ва муфассал ёндашувни талаб қилади. Сизга ноодатий туюлиши мумкин, бироқ кўпинча дастурлаш (ўзича) аслида етарли даражада технологик ҳодиса эмасдир. Бинобарин, сизнинг вазифаларингизни ҳал қилувчи дастурчи кўп жиҳатларда вазифани қандай англашига қараб ҳаракат қилади. Аксарият ахамиятли ечимлар бу жараёнда изоҳсиз қолдирилади, чунки ҳар қайси тараф уларни ўз-ўзидан тушунарли деб ҳисоблайди.

Дастурларга алоқадор ёндош ҳужжатлар баъзан пала-партиш тузилади. Натижада маҳсулот билан ишлаш жараёнида буюртмачи ўзи буюртма берган ва яратилиши учун пул тўлаган ишланма устидан назоратни қўлдан чиқаради. Бунда ахборотлаштириш лойиҳаларига ажратиладиган бюджетда гарчи ғоятда муҳим бўлишига қарамай хизмат кўрсатишга доир харажатлар кўзда тутилмайди.

Рақамли иқтисодиёт бутун дунёни қамраб олиши туфайли, ахборотлаштириш ва рақамлаштиришга оид ҳар қандай давлат лойиҳаси комплекс равишда ҳамда ягона кодлаш тизими, иқтисодий ва бошқарувга алоқадор ахборотни аниқлаш асосида ўрганилиши лозим.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдаги энг муҳим жиҳат ва бир вақтнинг ўзида энг мураккаб босқич – бу ишбилармонлик муҳитини соддалаштириш ҳамда одамлар ва бизнеснинг давлат билан мулоқотига сарфланажак харажатларни максимал қисқартиришдир.

Шундан кейин томонларнинг давлат ва хусусий сектор доирасида ташкилотлараро (мультиагент) мулоқотни йўлга қўйиш талаб этилади.

«Биттадан-биттага» ва «биттадан-кўпга» мулоқот формуласидан «кўпдан-кўпга» формуласига ўтиладиган рақамли иқтисодиёт платформалари ушбу жараённинг энг муҳим бўлаги ҳисобланади. Ушбу соҳадаги силжишлар давлат кўмагида кичик ва ўрта бизнесга мос келадиган консалтинг ва техник ташкилотларни ривожлантириш орқали, иқтисодиётнинг реал секторидаги вазиятни автоматик тарзда кескин ўзгартиради (ва мазкур соҳаларда тузилмавий ислоҳотларга туртки беради) ва инновацион иқтисодиёт учун шарт-шароит яратишга ёрдам беради.

Илҳом Собиров,
Olcha.uz интернет дўкони бошқарувчиси,
8Bit коммуникациялар агентлиги ҳамкори

Мавзуга оид