Ўзбекистон | 14:20 / 06.07.2020
5032
2 дақиқада ўқилади

Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари онлайн тарзда ўтказилмоқда

2017 йили қайта тикланган ёш ижодкорнинг Зомин семинари анъанавий тарзда сўлим тоғлар бағрида ўтказилиб келинар эди.

Коронавирус пандемияси туфайли кўп ишлар ортга сурилди, тўхтаб қолди, шаклини ўзгартирди. Ижодкорлар ҳам бу йил Зоминга бора олишмади. Аммо юртимиз ҳудудларидан 58 нафар ёш ижодкорнинг қўлёзмалари семинар учун бир неча ой давомида сараланган.

Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

«Шу боис бугун – 2020 йилнинг 6 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ёш ижодкорларнинг анъанавий «Зомин қалдирғочлари» семинарини масофавий тарзда бўлса-да ташкил этди», — деб хабар берди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Фозил Фарҳод.

Семинар аввалида бир гуруҳ ёзувчи-шоирлар Адиблар хиёбонида бўлди. Улар Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, шоир руҳига ҳурмат бажо келтирди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев «Зомин қалдирғочлари» семинари қатнашчиларини масофадан туриб табриклади.

Семинар айни соатларда Ёзувчилар уюшмасида «ZOOM» дастури орқали онлайн тарзда бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари, ёш ижодкорлар қатнашмоқда.

Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Шуниси қувонарлики, бу йил Зомин семинарида илк бора Марказий Осиё мамлакатларидан ҳам ёш ижодкорлар иштирок этяпти. Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистондан 12 нафар қаламкаш шеърият йўналишида қатнашяпти.

Ўтказилаётган семинарда турли ҳудудларда яшаб ижод қилаётган ёш иқтидор эгалари аниқланади. Уларнинг ижоди қўллаб-қувватланади. Устоз ёзувчи-шоирлар тавсияси асосида энг сара қўлёзмалар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Биринчи китобим» лойиҳасига тавсия этилади.

Мавзуга оид