22:35 / 08.07.2020
4894

Букинҳем саройи ходимларининг оммавий равишда қисқартирилиши кутилмоқда - ОАВ

Британия қироличаси Елизавета II’нинг Лондондаги қароргоҳи ҳисобланган Букинҳем саройи ходимлари оммавий равишда қисқартирилиши мумкин. Бу ҳақда The Daily Telegraph нашри саройнинг ички ҳужжатлари ва ходимлар билан суҳбатларга таяниб хабар берди.

Таъкидланишича, харажатларни қисқартириш бўйича бошланган кампания, қироличанинг Лондонга қайтишни истамаётгани ва бу билан боғлиқ қисқартиришлар коронавирус пандемияси оқибатлари ҳисобланади.

Нашр маълумотларига кўра, сарой ходимларига маош берилиши тўхтатилган ва пенсия схемаларини ўзгартириш бўйича маслаҳатлар берила бошланган.

Саройда ишловчи одамлар қиролича Лондонда яқин орада пайдо бўлмаслигига шубҳа қилмаяптилар. 

“Айтишларича, Букинҳем саройи яқин орада очилмайди. Бу эса ходимлар учун жиддий оқибатларни англатади. Қиролича ёзни Балморалда [қироличанинг Шотландиядаги ёзги қароргоҳи] ўтказмоқчи, сўнгра Виндзорга [қироличанинг яна бир қароргоҳи] қайтмоқчи. Бу эса саройда ишловчилар учун нимани англатишини тахмин қилишдан бўлак ҳеч нарса қолмаяпти. Кўплар ишдан бўшатилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда”, дейилган нашрда.

Букинҳем саройи қиролича Елизавета II’нинг ишчи қароргоҳи ҳисобланади. Бироқ қиролича ва унинг турмуш ўртоғи – шаҳзода Филипп мартдан бери Лондон яқинидаги Виндзор қасрида ўзини яккалаган ҳолда қолмоқда. Уларга 20 га яқингина киши хизмат кўрсатмоқда. 

Top