Ўзбекистон | 17:54 / 09.07.2020
25256
3 дақиқада ўқилади

Кириш имтиҳонлари анъанавий шаклда ўтказилади

Кириш имтиҳонларини анъанавий қоғоз шаклдаги тест синовлари тарзида ташкиллаштириш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилишича, ҳозиргача 70та бинони тайёрлаш ишлари якунига етказилмоқда. Биноларда бир вақтнинг ўзида 840та гуруҳда 25 200 абитуриент имтиҳон топшира олади.

«Ижтимоий тармоқларда жорий йилги кириш имтиҳонлари онлайн тарзда ўтказилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Имтиҳонлар ҳар доимги шаклда, яъни кенг сиғимли биноларда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказилади.

Расман маълум қилиш мумкинки, давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига кириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби ўзгармаган. Агар имтиҳон тартиби ўзгарадиган бўлса ҳам, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қарори билан маълум қилинади», деди Мажид Каримиов.

Унинг таъкидлашича, кириш имтиҳонларини анъанавий қоғоз шаклдаги тест синовлари тарзида ташкиллаштириш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача 70та бинони тайёрлаш ишлари якунига етказилмоқда. Биноларда бир вақтнинг ўзида 840та гуруҳда 25200 абитуриент имтиҳон топшира олади.

«Дунё тажрибасида мана шундай тест синовларидан бири Хитойда ўтказилди. Россияда ҳам ташкиллаштирилган ягона давлат имтиҳонларида 671 мингдан ортиқ абитуриент иштирок этган. Бу давлатларда имтиҳон анъанавий қоғоз шаклда ўтказилган», дея бошқа давлатлардаги вазият ҳақида ҳам тўхталиб ўтди ДТМ расмийси.

Бундан ташқари, Мажид Каримов кириш имтиҳонларининг кечиктирилиши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Тест фақат олий таълим муассасасига кириш учун ўтказилади. Агар тест кечикса ҳам, ОТМда юқори курслар учун дарсларни эртароқ, биринчи курсларга октябрь ёки ноябрдан ҳам бошлаш мумкин. Айрим давлатларда худди шундай бўляпти. Масалан, Япония, Жанубий Корея тестни йил охирига кўчиришган.

Имтиҳон муддатини кечиктириш Давлат тест марказининг ваколатида эмас. Тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан келишган ҳолда қарорни Давлат комиссияси қабул қилади», деди Давлат тест маркази директори.

Аввалроқ ДТМ кириш имтиҳонлари онлайн ўтказилмаслиги тўғрисида баёнот ҳам берган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар