Ўзбекистон | 16:20 / 12.07.2020
9657
7 дақиқада ўқилади

Депутат: ҳуқуқ-тартибот идораларида иш ҳақи бир хил бўлиши керак эмасми?

Фото: ЎзХДП

Сўнгги пайтларда ички ишлар соҳаси вакилларига нисбатан турли фикрлар билдирилмоқда. Албатта, эътирозларга етарли асослар ва сабаблар бор.

Барча соҳаларда бўлгани каби ички ишлар тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилди, бироқ ҳали эътибордан чеккада қолаётган айрим масалалар борлиги кишини ўйлантиради. Бошқа соҳаларда бўлгани каби бу соҳада ҳам фидойи, садоқатли ходимлар кўп. Уларнинг меҳнатини шахсан ўзим юксак қадрлайман.

Бундан бир йил аввал мен раҳбарлик қилаётган муассасада ўғирлик бўлди. Ички ишларга ариза қилдик, улар келиб ўз вазифаларини бажаришни бошлашди. Минг афсуски, бу тизимга нисбатан жамоамизда ишончсизликдан бошқа натижага эриша олмадик. Шундан келиб чиқиб, ўғирликлар бўйича амалга ошириладиган ҳаракатларнинг тахминий йўналишини чизиб бериш мумкин.

Масалан, бир объектда ўғирлик бўлди, буни ким қилган? Бундай ҳуқуқбузарликни ким қандай содир этганини аниқлаш бўйича қанақа чора кўрилади?.. Воқеа жойига борилади, бармоқ изи олинади. Олдин ҳам шундай бўлган. Бармоқ изи чиқмаса, йўлдаги камерага тушган ёки тушмагани кўрилади. (Асосий камераларни тадбиркор қўйган. Айрим камералар эса ўрнатилганда ҳам ишламаган ёки ўта эскириб бўлган). Камерага ҳам тушмаган бўлса, ўша ҳудудда ишлатилган телефон кўтарилади. Телефон ҳам ишлатилмаган бўлса, яна ўша эски замонга қайтишади: ушбу жиноятни қилиши мумкин бўлган шахсларни олиб келиб улардан “шу жиноятни қилганмисиз”, деб сўралади. Жиноятчи “ҳа, қилганман” дейдими?.. Йўқ. Кейин қандай йўл тутилади?.. Мана, нима учун уриш, дўппослаш йўқ бўлиб кетмаяпти. Жиноятни очиш бўйича катта ислоҳот керак.

Ҳар бир ИИБ раҳбари МФЙни сифатли камера билан қамраб олиш ниятида, фақат бу ният тўлақонли амалга оширилгани йўқ. ИИБ бўлимида ҳар чоракда тумандаги муассасалардан “камера ўрнатсангиз, бизга ҳам ҳисоб беринг”, деб сўрашади. Демак, раҳбарлар томонидан камера ўрнатиш бўйича талаб борлигини англаш мумкин. ИИБ раҳбари профилактикага юклама қўяди. Профилактика инспектори тадбиркорга бориб илтимос қилади. Тадбиркор энг арзон камера қўйдиради. Уни хам хотираси йўқ ёки камера қўйдириб, ҳокимиятдан пул тушириб беринг, деб илтимос қилиб юради. Аслида эса ҳар ойдаги солиқдан орттирилган пулдан сифатли камера қўйдириш, ҳушёрликка чақирувчи паннолар учун муайян суммада пул ажратилиши керак.

ИИБ ходимлари ишлайди, лекин, фикримча, ходим сони кўп, уларнинг орасида таниш-билиш қилиб ишга кирганлари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ишга олиш жараёнидаги талабларни, синовларни шаффофлаштириш, кучайтириш керак. Шунда ходим бўламан, деган бола ўқишга ҳам кўпроқ эътибор қаратар эди.

 Яна бир масала. Нима учун “погон” таққанлар орасида ИИБ ходимининг ойлик маоши билан бошқа орган ходимларининг маоши ўртасида тафовут мавжуд? Ҳуқуқ-тартибот идораларида иш ҳақи бир хил бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Шунда табақаланиш бўлмайди. Лейтенант унвонидаги барча соҳадаги ходим ИИБдаги лейтенант билан бир хил ойлик олиши керак.

ИИБ ходимлари аксарияти эскича ишлаш тизимидан чиқиб кета олмайди. Уларни ҳозирги замонга мослаб ўқитиш керак. Жамоат жойида содир этилган ҳуқуқбузарлик моҳиятидан келиб чиқиб, ҳаракат қилиниши лозим. Аксарият ходимлар бирон жойда жанжал чиқса, шуни кутиб тургандай ўз ҳукмини ўтказишга, вазиятдан бошқачароқ ечим топишга уринишади.

ИИБ ходимлари туманларда ғалла, пахтага, трактор йиғишга жалб қилинади, жойдаги прокуратурага одам таъминлайди, ДХХни ишини тайёрлаб беради, “бузди-бузди”га аралашади, солиқ тўламаса, аралашади, бозор кўчиришда, ноқонуний савдони бартараф этишда ҳам қатнашади. Шунча иш жараёнида фақат асабийлашиб турган одамлар билан ишлайди. Энди у ёғини тасаввур қилинг. Соҳа ходимларининг ўз устида ишлашга умуман вақти қолмайди.

Соҳада жиноятни яшириш ёки статистика ортидан қувиш авж олган. Битта профилактика инспектори ким учун жиноятни яширади, ўзи учунми, йўқ, раҳбарлар жиноят яширилганини билишмайдими?.. Бутун аҳоли ижтимоий фаол бўлиб турган вақтда жиноятни яширишни имкони йўқ. Буни англаб, шунга мувофиқ ҳаракат қилмоқ керак. Акс ҳолда, эътирозлар тўхтамайди.

Таклифим – ички ишлар бўлимлари  тизимида ўринбосарларни камайтириш керак. Масалан, биринчи ўринбосарни вазифаси жиноятни очиш бўлса, профилактика бўйича ўринбосарнинг вазифаси нима бўлади? Биринчи ўринбосар олиб бораётган сиёсатга ёрдамчими? Бу икки ўринбосар штатини кўриб чиқиш вақти келмадими?..

ИИБ бошлиғи сектор раҳбари бўлгани ҳолда, умумий раҳбарликни назоратида олиб турса, биринчи ўринбосар тўлиқ ИИБга жавоб бериши керак. Кадр бўйича ўринбосар, профилактика бўйича ўринбосар тугатилиб, фақат бўлинма бошлиғи бўлиши, бир вақтда биринчи ўринбосарга бўйсуниши керак.

Барча ходимлар вазифасини тўлақонли бажариши, уларнинг ўз касбига садоқати бўйича жавобгар этиб хизмат бўйича ўринбосар қолса етарли. Шунда биринчи ўринбосардан ИИБни ишини, жиноятчиликни, тартиб-интизомни сўраш мумкин.

Айтганимдай, ички ишлар тизимида фаолият юритаётган фидоий инсонлар жуда кўп, отам шу тизимда узоқ йиллар ишлаб, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган. Шу соҳадаги инсон тарбиялаган бир фарзанд сифатида ҳам соҳа ходимларининг машаққати ва фидоийликлари гувоҳиман. Шунинг учун мени билиб-билмай фикр билдирганликда айбламасликларини истайман.

Тушунаман, тизимдаги муаммоларни самарали ҳал этиш кўплаб омилларга боғлиқ, шундай ҳолатлар борки, соҳанинг ўзи ҳам ёрдамга муҳтож. Муаммо ҳал этилиши учун аввал уни очиқ тан олиш, кейин уларни бартараф этиш бўйича вазирлик тизимида жиддий ислоҳотлар ўтказилиши муҳим. Шахсий фикрларим, хулосаларим, таклифларим билан барча ҳуқуқ-тартибот идораларидан халқимиз, Президентимиз рози бўлишини хоҳлайман, холос.

Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Мавзуга оид