Ўзбекистон | 14:40 / 14.07.2020
4704
2 дақиқада ўқилади

«Хусусий лабораторияларда тест олиш тақиқлангани йўқ» – Оқилов

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов хусусий тиббиёт муассасаларида коронавирусга тест олишни тақиқлаш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини маълум қилди.

«Хусусий клиникалар ва лабораторияларда коронавирусга тест олишни тақиқловчи ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган. Аксинча, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ПЗР ва иммунофермент таҳлилларини ўтказиш мумкин бўлган лабораториялар рўйхатини эълон қилди. Уларнинг аксарияти Тошкентда жойлашган, лекин вилоят марказларида ҳам лабораториялар мавжуд.

Хусусий клиникалар доимий режимда муассасанинг ўзида ҳамда хонадонларга чиқиб тест олиши ҳам мумкин», дея Оқиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, хусусий клиникаларда олинган тест натижалари мусбат чиққан тақдирда, улар касалликнинг умумий статистикасига киритиб борилиши шарт.

«Хусусий клиникаларда топширилган таҳлиллар натижаси мусбат чиққан ҳолда касаллик тасдиқлангани ҳақидаги ахборот беморнинг турар жойига қараб Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг тегишли ҳудудий марказига етказилиши шарт. Ҳар бир бундай ҳолат умумий статистикага қўшилиши лозим», деди штаб аъзоси.

У шунингдек, ўзларида коронавирус аломатларини сезган ҳомиладорлар қаерга мурожаат қилиши кераклиги ҳақида маълумот бериб ўтди.

«Ҳомиладор аёл ўзида COVID-19’ни гумон қилган тақдирда биринчи навбатда аёллар маслаҳатхонасидаги кузатувчи шифокори ва оилавий поликлиникасидаги шифокорига мурожаат қилиши лозим. Касаллик симптомсиз кечаётган бўлса, барча эпидемиологик ва гигиеник чораларга риоя қилиб, уй шароитида яккаланган ҳолда кузатув остига олинади.

Аёлда касалликнинг у ёки бу аломатлари (йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши, таъм ва ҳид билиш сезгисининг йўқолиши, мушаклардаги оғриқ ва ҳолсизлик) пайдо бўлганда зудлик билан махсус ажратилган шифохона ёки туғруқ мажмуасига стационар шароитда ётқизилиши керак», деган Оқилов.

 

Мавзуга оид