14:00 / 15.07.2020
13248

20 йилдан бери носоз йўллар депутат ташаббуси билан таъмирланди

Саҳиҳ манбаларда кўприк қуриш, йўлларни таъмирлаш “садақаи жория”, яъни вафотдан кейин ҳам инсонларга доимий манфаат етказиб турувчи амаллар қаторида эътироф этилган.

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Оққўрғон” маҳалласи бўйлаб ўтган йўллар 20 йилдирки таъмирталаб. Асфальт йўллардаги носозликлар автомашиналар ҳаракати, мактабга боришда йўлни кесиб ўтадиган ўқувчилар қатнови учун ноқулайликлар ва хавф туғдирарди.

Миллий тикланиш демократик партияси Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани Дархон округи депутати Муборак Юсупова маҳалла аҳлининг бу машаққатини енгил қилиш учун бош бўлди. Депутатнинг ташаббуси ва маҳалланинг бир неча тадбиркорлари саховати билан уларнинг шахсий маблағлари асосида йўллар таъмирланди. Мактаб биноси, стадион ва маҳалла ичидан ўтган йўлларнинг носоз қисмлари янгидан асфальтланди.

Маҳалла аҳли йўлларнинг обод бўлганидан хурсанд.

“Йиллар давомида маҳалла ичидаги йўлларнинг носозлиги аҳолини хуноб қилар, болалар мактабга қатнаш учун қийналарди. Муборак Дамировна ва бир қатор тадбиркорларимизнинг саховати билан йўлларнинг обод қилингани маҳалланинг кўркига кўрк қўшиш билан бирга, аҳоли қулайлиги, машиналар қатновидаги хавфсизлик учун ҳам замин бўлди”, - дейди “Оққўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳмуд Абдуллаев.

Top