Жамият | 14:14 / 18.07.2020
36472
13 дақиқада ўқилади

Муҳокамалар марказида она тили таълимидаги “Қўй ёғи”

“Шеъриятга ошно хушхулқ, фақиҳ обрўли,
грамматикани касб қилган аҳмоқ бўлади”
(Араб халқ мақоли)

Эҳтирослар қизғинлиги масала муҳимлигига тескари нисбатда

Бугунги пандемия шароитида она тили таълими ҳақидаги баҳс-мунозаралар бир қарашда кишига эриш туюладиган масала. Аммо пандемия ўтиб кетади, она тилимиз эса ҳар доим биз билан бирга. Бу – кўҳна ва ҳамиша навқирон мавзу. Бундан ўн йиллар бурун мен она тили таълимидаги ҳозир гапирилиши кўпчилик учун урф бўлган, керак бўлса, ўзини оммага танитиш, омманинг эътиборини тортиш воситасига айланган муаммолар ҳақида ёза бошлаганимда, “бир ўзингиз куйиниб, ўз ёғингизга қовриляпсиз, ёлғиз отнинг ... донғи чиқмас” деган истеҳзолар бўлар, мен эса ҳеч иккиланмасдан: “ғоя омма онгига синггач, моддий кучга айланади” деган фикрда турганман ва ҳаракатда давом этганман. Демак, ҳафсала, собитқадамлик билан киришилса ва қатъият билан ҳаракат қилинса, ғоя, агар у ҳаётбахш бўлса, тахминан ўн йилларда моддий кучга айлана олади. Ҳар қандай ижтимоий эътироф этилган муаммо – ечимнинг онаси. Бугун она тили таълими атрофидаги аёвсиз мунозаралар, ким нима дейишидан қатъи назар, унинг янги сифат босқичига кўтарилаётганидан далолат беради. Биз яқин ўн йиллар ичида муҳташам она тили таълимига эга бўламиз. Бунга мутахассис сифатида тўла аминман!   

Бугунги баҳсу мунозараларда икки масала ўта долзарб бўлиб турибди. Бири дарс соатлари бўлса, иккинчиси таълимдаги ортиқча илмийлик, кераксиз грамматизм, алмисоқдан қолган лингвистикабозлик. Таълим бамисоли учбурчак: нимани, қандай ва қанча ўқитиш керак. Бу нимани, қандай ва қанча ейиш ёки ичиш кераклигига ўхшайди. Асосий муаммо нимани қандай истеъмол қилиш кераклиги. Қанча еганингиз билан ейишни билмасангиз, фойдаси йўқ. Бир пақир сув ичсангиз ҳам, ичишни билмасангиз, бир стаканчалик фойда ололмайсиз. Демак, асосий муаммо – нимани қандай ўқитиш кераклиги. Биз эса асосий масала қолиб, энг сўнгги муаммо – қанча ўқитиш масаласи билан банд бўлиб қоляпмиз. Ва шу тариқа муаммо марказидан узоқлашиб кетяпмиз. Мутахассислар чуқур тадқиқотлар олиб бориб, қайси фанни ҳафтада қанча ўқитиш кераклигини илмий-физиологик, психологик ва педагогик жиҳатдан асослаб беришлари керак. Бу фанларнинг хусусиятидан келиб чиқади. Агар она тили таълими жозибадор бўлса, балки уни 6 эмас, 7 соат ўқитиш керакдир. Биз – мутахассислар, уни асослаб беришимиз керак эмасми?

Она тилимизнинг музлатилган, совуқ таълими жамиятда уни кераксиз деган ижтимоий фикр уйғонишига сабаб бўлди. Бунга биз – соҳа эгалари айбдормиз. Ҳар биримиз иллатни ўзимиздан қидирсак, шифосига эришамиз.

Гап бир-икки соатда эмас. Аслида баҳсда эҳтиросларнинг қизғинлиги масаланинг муҳимлигига тескари пропорционал (Сайер қонуни).  Шунчалик эзғиланган, палағда ва пажмурда ҳолга келган она тили таълими эса энди популизм кўпкарисида улоқ қилинмоқда. “Фирқа” ҳам, депутат ҳам, журналист ҳам унга “ҳуй-ҳуй”лаб от солмоқда. Восита битта, мақсадлар ҳар хил. Асосий муаммо қолиб кетяпти дейишингиз билан мен мутахассис эмасман деб отини четга тортади.

Она тили таълимидаги яроқсиз ҳолатга қандай келиб қолдик?

Эътибор қилинса, бошланғич синф партасидан то лицей ва коллежни тугатгунча ўқувчиларимиз асосан тил қурилиши бўйича, яъни тилшуносликдан билим олади. Масалан, жорий она тили дарсликларидан бирида жами 79 та мавзу берилган. Бундан 71 таси тил қурилишига, 8 таси матн тузишга доир мавзулар. Демак, мавзуларнинг тахминан 10 фоизи матн тузиш малакасини ўстиришга, 90 фоизи тил қурилиши бўйича билим беришга мўлжалланган. Мақсад нима? Тилдан фойдаланиш малакасини ўстиришми ёки тилшунос тайёрлаш? Шу синфда ўқувчи янги 78 та лингвистик қоидани, 61 термин маъносини ўзлаштириши керак. Хўш, бу яроқсиз анъана қаердан келиб қолди?

ХХ асрнинг ярмигача ҳали адабий тил меъёрлари ўрнашмаган бир пайтда жамият аъзоларини улар билан қуроллантириш зарурати илк мактаб партасидан то уни тугатгунча тил қурилишини ўқитишни тақозо қилган. Зеро, адабий тилни сингдиришнинг энг асосий йўли тил қурилишига доир билимлар билан қуроллантириш эди, у даврларда бошқача йўл бўлиши мумкин эмас эди. Бироқ асрнинг иккинчи ярмида адабий тил қўлланиши шарт бўлган барча соҳалар (таълим, иш юритиш, матбуот, ноширлик, радио ва телевидение ва ҳ.)да у тўла ўрнашиб бўлгандан кейин бу зарурат энди чайир анъана кўринишини олди. Она тили таълими фақат лингвистик такрорийликдан иборат бўлиб қолди. Бошланғич синфдаги лингвистик маълумотлар таянч синфларда чуқурроқ, академик лицейда янада чуқурроқ қилиб, уч марталаб қайтариб ўқилади. Бу такрорийлик ҳам вақт, ҳам маблағ жиҳатидан қанчалар қимматга тушаётганлигини ўйлаб кўрмасдан, кўзимизни каттароқ очишдан эриниб, ундаги фақат зоҳирий жиҳат – соатларни кўряпмиз, холос.

Шўро даври она тили дарсликлари грамматизм нуқтаи назаридан бирмунча тузукроқ эди. Мустақиллигимиз даврида эришган асосий “ютуғимиз” – она тили таълимини тўла-тўкис тилшуносликка айлантирганимиз бўлди. Бунинг учун ДТМ ва дарслик муаллифларидан беҳад “миннатдор” бўлишимиз керак. Методистлардан, мактаб ўқитувчиларидан дарсликларни олиб қўйдик. Уни тилшунослик қафасига солиб, шуҳрат ва нафс қулфи билан беркитдик. Фидойи муаллифлар, тил жонкуярлари унга кира олишмади.

Она тили таълимидаги бу муаммолар аслида барча фанларда бор. Биргина мисол. Тарих фани рақамлар, шахслар, воқеалар саноғи – статистика ва хронологияга айланиб қолган. Уларни ёдаки, схоластик ўзлаштириш бола мияси учун қанча юк эканлигини мутахассислар, психологлар қачон холис баҳолашади? Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, бир ҳукмдорнинг қачон туғилгани-ю қанча жангда қанча аскар билан қатнашгани, кимнинг куёви-ю кимга қайнота бўлгани, қайси фарзанди ақлли-ю, қайсиси аҳмоқ бўлгани, қайси ерларни босиб олиб, қанча бойликни юртига олиб келганини билиш нечоғлик аҳамиятли? Ҳукмдор тараққиётга қанчалик ҳисса қўшди, ўзидан олдинги даврга нисбатан қандай ижобий ёки салбий роль ўйнади, келажак учун нима қилди – мана шуларни баён қилиш зарур ва унинг учун китобда, нари борса, бир саҳифа етарли эмасми? Бунинг учун академик тарих илмини ҳақиқий назарий фанга айлантириш, тарих фалсафасини яратиш ва унинг қаймоғини гўзал ифодаларда содда қилиб ўқувчиларга тақдим этиш керак. Тарихий воқеалар – тўлалигича муаммоли вазият. Машғулотларда тарихий “масала” ва “тенглама”ни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиб, улардан бу вазиятдан чиқиш бўйича мустақил фикрга асосланган таклифлар олишни ташкил этиш ўқувчи шахсини ривожлантиришда қанчалар катта аҳамиятга эгалигини тасаввур қилинг.

Ёки адабиёт дарслари: адиб таржимаи ҳоли, асардан парча ва унинг ўқувчи тафаккурини кишанлайдиган таҳлили ҳамда ёзувчи асарни ёзаётганда хаёлига ҳам келмайдиган назарий қоидалар, 5-6 та савол. Қани муаммо, ечим йўллари, ўқувчининг индивидуал ёндашувига шароит, қани машқ, қани топшириқ; ижодий матн, иншо, эссе яратиш бўйича методик йўл-йўриқлар? Ўргата олмаймиз ва ёза олишмайди.  Оддий арифметика.  

Мана – муаммо! Ана энди бунда популизм кетмайди.

Кимлардир мени Халқ таълими вазирлигининг тарғиботчиси, тролли дейишлари ҳам мумкин. Ростини айтсам, бу вазирликнинг ҳам, вазирнинг ҳам, шахсан менга на иссиғи, на совуғи бор. Мен бошқа вазирлик соҳасида ишлайман. Лекин она тили таълими моҳиятидаги муаммо – менинг маслагим, дардим.    

Барча фанлар – “Она тили”

        Хўш, нимани кўра олмаяпмиз? Она тилимизни “Она тили”дан бошқа ўқув предметларида кўра олмаяпмиз. Нега она тилимизни фақат она тили ўқитувчиларига ташлаб қўйдик? Тарих ўқитувчиси нега бу муаммодан ташқарида? Нега физика, биология, кимё ва бошқа предмет ўқитувчилари она тилига муносабат масаласида “масъулияти чекланган”?

Барча фанлар аслида – тил фанлари. Ахир, ҳар қандай термин – бу сўз. Ҳар бир фан ўқитувчиси ўз фани доирасидаги биргина терминнинг маъносини, мазмунини тушунтиришга соатлаб вақт сарфлайди. Оғзаки нутқ ва ёзма матнлар билан иш кўради. Ҳолбуки, оғзаки нутқ билан бирорта фан ўқитувчиси она тили ўқитувчисидан кам шуғулланмайди аслида. Нега энди улар ўқувчининг оғзаки ва ёзма нутқини назорат қилмайди, такомиллаштирмайди, баҳоламайди? Назорат ишларини қайси тилда бажартиришади? Нега ўқувчиларнинг имловий, ишоравий, услубий хатолари устида ишлашмайди?

Бинобарин, уларнинг ҳам соатларини қўшиб она тили юкламасини ҳисоб-китоб қилсак, бу ҳозирги “Она тили” юкламасидан ўн чандон юқори бўлади. Барча таълим бўғинларидаги ҳамма фанларнинг ДТСлари талабларида она тили таълимининг бош мақсади бўлган “ижодий тафаккур соҳибини тайёрлаш, она тилида фикрни нутқ шароитига мос равишда оғзаки ва ёзма шаклда саводли, тўғри ва равон ифодалаш компетенцияси” масаласи акс этмоғи лозим. Бу – ўзбек тилининг таълим тизимида давлат тили сифатидаги нуфузини оширишнинг ҳам муҳим йўл ва воситаларидан бири.     

    “Содда она тили” деганда нимани тушунишимиз керак?

        Кўпчилик она тили содда бўлиши керак деган фикрни жўн, “деҳқонча” тилда гапириш ва ёзиш деб тушунмоқда ва ўзаро суҳбатларда фикр соҳибини қамчилашга тушиб кетди. Аслида нима назарда тутилмоқда? Қоидалар, таърифлар, изоҳлар содда бўлсин дейилмоқда. Қоидалар ўқувчининг нутқини ислоҳ қилишга ишлаши урғуланаётир. “Гапнинг грамматик маркази бўлиб, эга ҳақидаги ахборотни билдирадиган, шахс-сон, замон, тасдиқ-инкор, майл-модаллик маъноларига эга бўлган бўлак кесимдир” деган таърифни одамшаванда қилиб “гапдаги хабарни билдирадиган бўлак кесим дейилади” шаклида бериш кераклиги таъкидланаяпти.

Мактаб дарслигида гапга бериб келинган тумтароқ таърифдан кўра  “сўз ёки сўзлар ёрдамида англашилган фикр гапдир” дейиш содда ва тушунарли эмасми?

Гўзал ва жимжимадор, ширали ва бой она тилидан мураккаб ва чигал, совуқ ва ишламайдиган қоидаларга тўла “Она тили”ни фарқлаш керак. Булар – бошқа-бошқа ҳодисалар. Ахир, ўқувчининг она тили таълими бўйича натижалари 3 мезон:

1)   ўқиш техникаси;

2)   ўз фикрини тўғри ифодалаш;

3)   ўзгалар фикрини тўғри англаш малакаси

асосида баҳоланиши ҳатто 1996 йилги ДТСда ўз ифодасини яққол топган эди. Бу она тили таълими меъёрий ҳужжатларида бўлса-да, дастур ва дарсликларда унутиб юборилди ёки осон ва тайёр йўлдан борилиб, четлаб ўтилди. Кўринадики, бу ерда на бирорта лингвистик билимга, на бирор грамматик қоидага талаб қўйилган. Ташаббускор вазирлик ва мактаб таълимининг юраги бўлган, янгиланаётган РТМнинг соғлом фикрли раҳбарияти бунга эътиборларини яна бир бор қаратишлари лозим. Бизнинг бу борада РТМдан умидимиз ва унга ишончимиз катта. 

Бахтиёр Менглиев,
филология фанлари доктори, ўзбек тили профессори

 

Мавзуга оид