Ўзбекистон | 15:58 / 18.07.2020
40561
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда таксиларга нисбатан рейдлар ўтказилди

Тошкент шаҳрида карантин даврида такси нархини сунъий ошириш ҳолатлари ва белгиланган талабларга риоя этилишини ўрганиш учун 17 июль куни такси хизмати билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан назорат тадбирлари ўтказилди.

Транспорт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати мутахассислари йўллардаги мавжуд вазиятни ўрганди, дейилади Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабарида.

«Йўл патрул хизматининг 14та стационар постида соат 10:00дан 17:00гача такси ҳайдовчиларининг санитария-эпидемиология хавфсизлиги меъёрларига қай даражада амал қилаётгани, фаолият юритиш учун лицензиянинг мавжудлиги, хизмат кўрсатиш нархлари ўрганилди.

Назорат тадбирларида 45та қонунбузилиш ҳолати қайд этилди: санитария-эпидемиология хавфсизлиги меъёрларига амал қилмаслик (22), ноқонуний фаолият юритиш (23). Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли идоралар томонидан далолатномалар расмийлаштирилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддасига асосан, фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача, яъни 4,5 млн сўмдан 22,3 млн сўмгача бўлган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ хизмати органлари ходимлари такси хизмати нархлари икки баравар оширилганини аниқлади. Бу ҳақида 108 нафар норози бўлган йўловчилар маълум қилди.

Ҳозирги мураккаб вазиятда нархларни асоссиз ошириб юбориш қанчалик қонуний ва инсонийликка мос? Хулоса ўзингиздан», – дейилади Давлат солиқ солиқ қўмитаси ахборотида.

Мавзуга оид