Ўзбекистон | 19:29 / 19.07.2020
16237
4 дақиқада ўқилади

«Халқ дардини жойладим дилга…» — Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло Юсуповни хотирлаб

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли ёзувчи Шукрулло бугун, 19 июль куни 100 ёшида оламдан ўтди.

Шукрулло Юсупов ўзбек адабиётининг сермаҳсул ижод соҳибларидан бири ҳисобланади. Унинг ижодида инсоннинг маънавий камолотини куйлаш масаласи доимо биринчи ўринда турган.

Адибни шогирдлари, уни яхши билган ижод аҳли ҳақиқатгўйлиги, аччиқ бўлса-да, доимо рост гапни гапириш одати билан эслашади.

Шоир ва таржимон Жамол Камол Kun.uz’га берган қисқа интервьюсида уни шундай хотирлайди:

«Шукрулло ака ўзбек адабиётига Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Зулфия опа каби катта авлод вакилларидан кейин кириб келган.

У билан Ҳамид Ғулом, Асқад Мухтор, Иброҳим Раҳим, Рамз Бобожон, Мирмуҳсин каби ижодкорлар бир авлод ҳисобланади.

Билмадим, балки менга шундай туюлар, ўзбек адабиёти вакили бўлган ҳар бир авлоднинг бошида катта фожиа туради, деб ҳисоблайман. Масалан, йигирманчи, ўттизинчи ва қирқинчи йилларда ҳам ва ундан кейин эллигинчи йилларда ҳам ижодкорлар албатта қандайдир катта қирғин, қатағонларни кўрди.

Бу қатағонларда ўзбек халқи зиёлиларининг энг кўркам вакиллари қириб ташланди. Халқимиз қонида ҳамон яшаётган қўрқув ҳисси ана шу даврлардан мерос, аслида.

Шундай қатағон йилларида Шайхзода, Шуҳрат, Мирзакалон Исмоилий, Тўхтасин Жалолов, Ҳамид Сулаймон ва улар қаторида Шукрулло ҳам қатағонга учради.

У қатағондаги йилларни Магадандаги тош конида, ғалтакда тош ташиш билан ўтказди.

Ўзининг айтишича, ўша пайтларда Шукрулло домла доим қорнига тош боғлаб юрган экан. Нима учун, дейсизми? Сабаби шуки, сургун билан тош конига борганлар ўша пайтда дарров қандайдир арқон, латта топиб белига тош боғлаб олар экан. Бунинг сабаби, лагерларда ҳеч ким, ҳеч қачон тўйиб овқатланмаган. Тўйиб овқатланмаслик оқибатида эса инсоннинг ичаклари осилиб қолар экан. Шундай осилар эканки, кейин ҳеч қачон жойига келмайдиган бўлади. Ана шунинг олдини олиш учун ҳам қорнига тош боғлаган.

Шукрулло адабиётимизнинг энг заҳматкаш, самимий, халқига садоқатли ижодкор эди. Унинг атрофида шогирдлари кўп эди. Мени ҳам ўз шогирдлари қаторида кўрарди.

Яхши эслайман. Ҳали Бухородан Тошкентга келмаган, ёш бир ижодкор эдим. Шукрулло менинг бир шеъримга муносабат хати ёзган. Жуда хурсанд бўлганман. Кейин Ёзувчилар уюшмасидаги бир йиғинда ҳам гапирган экан. «Жамолни бир шеъри билан камолини кўрдим-у, лекин ҳали жамолини кўрмадим» деб. Тошкентга келганидан кейин танишганмиз домла билан.

Шукрулло домла билан орамизда ҳеч қачон борди-келди узилган эмас.

Афсуски, кейинги йилларда бу алоқалар бироз сустлашди. Чунки ўзим ҳам касалман, машина бошқара олмайман. Аммо телефонда тез-тез гаплашиб турдик. Охирги вақтларда эса фақат у кишининг ўзи гапирарди. Чунки қулоғи умуман эшитмай қолди. Балки ўлим уни бу қийинчиликлардан қутқаргандир.

Шукрулло ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга, ёзувчилик ижодкорликни жабр-у жафосини чеккан устоз аллома, шоир, ёзувчи эди.

Уни асарлари кўп жойлари машҳур. Охирати обод бўлсин. Ўзбек адабиёти бор экан Шукрулло ҳеч қачон ўчмайди».

Kun.uz 2018 йил баҳорида домла Шукрулло Юсупов билан суҳбат уюштирган эди. Унда Ўзбекистон халқ шоири ва таниқли ёзувчиси ўзининг ҳаёти ва қийинчиликларга тўла ижодий фаолияти ҳақида эслаган.

Ушбу суҳбат асносида шоирни яна бир бор хотирлаймиз.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид