14:37 / 20.07.2020
24520

Ўзбекистонда онлайн шахмат мусобақаси бошланмоқда. Бош соврин – «Спарк»

Бугун, 20 июлдан «Уйда қол – ғалаба қозон» шиори остида ўтказиладиган шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон мусобақаси старт олади.

Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда.

Онлайн шахмат мусобақасида қатнашиш учун www.chess.com сайтида «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги» клубига аъзо бўлиш талаб этилади.

Саралаш ўйинларида ғолиб чиққанлар 20 декабрь куни Тошкентда ўтказиладиган Grand Final иштирокчисига айланади.

Бош соврин – ҳамкорлар томонидан тақдим этилган «Spark» автомобили.

Саралаш ўйинларига 20 июлдан старт берилади. Ўйинлар ҳар куни соат 20:00да бошланади. Мусобақа швейцарча тизимда блиц йўналишида ўтказилади.

Grand Final`га ҳар бир турнирдан энг яхши 10 нафар иштирокчи саралаб олинади. 20 декабрга қадар жами 50та саралаш турнири ўтказилади ва энг кучли 500 нафар иштирокчи танлаб олинади.

Grand Final`да иштирок этиш учун саралаб олинган шахмат ишқибозлари бошқа турнирларда иштирок эта олмайди. Турнирда фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қатнашишлари мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Top