10:22 / 21.07.2020
3626

Ижод мактаблари учун янги дарсликлар тайёрланаётгани маълум қилинди

Адабиётшунос олимларни жалб қилган ҳолда ижод мактаблари дарсликларини янгилаш устида иш олиб борилаяпти, деб хабар бермоқда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги «Ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 141-сон қарорига кўра ижод мактабларининг 7-11-синфлари учун ихтисослик фанларига ҳафтасига қўшимча 20 соат (ҳар бир синфга 5 соатдан) ажратиш режалаштирилган.

Мазкур қарор ижод мактаблари ўқувчилари она тили ва адабиёт фанлари бўйича давлат таълим стандартларида белгиланган билимдан ташқари нотиқлик санъати ва адабиёт сирларини чуқурлаштирилган тарзда ўқитишга қаратилган.

Агентлик мазкур дарсликларни тайёрлаш учун Республикамиздаги адабиётшунос олимларни жалб қилди ва ҳозирда ижод мактабларининг 7-11-синфлари учун ихтисослик фанлари бўйича дарсликлар яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.

7-11 синфлар учун тайёрланаётган ихтисослик адабиёти дарслигида халқ оғзаки ижоди, адабий жараён, адабиёт қоидалари, публицистика, матншунослик, драматургия фанларининг элементлари ўқувчиларнинг ёш хусусиятига мос равишда сингдирилмоқда.

Шунингдек, ихтисослик адабиёти дарслиги мазмунан умумий ўрта таълимнинг адабиёт фани ва олий таълимнинг адабиёт йўналиши фанлари билан узвийлиги таъминланмоқда.

Шу билан бир қаторда, мутахассислар томонидан нотиқлик санъати ва нутқ маданияти фани бўйича ижод мактаблари ўқувчилари учун 7-11 синфларга мўлжалланган алоҳида дарслик тайёрланмоқда», дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, ушбу дарсликларни тайёрлаш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Янгидан тайёрланган дарсликлар университетнинг илмий-методик кенгашида муҳокамадан ўтказилиши кўзда тутилган.

Янгиланган ўқув дастури ва дарсликлар 2020/2021 ўқув йилида ижод мактабларида тажриба-синовдан ўтказилиши, ўқув йили якунида аниқланган камчиликлар ва келиб тушган таклифлар асосида дарсликлар такомиллаштириш ва қайта чоп этиш режалаштирилган.

Агентлик директорининг матбуот котиби Анвар Умаров ижод мактабларида чет тилларини ўқитишни замонавий методлар асосида ташкил этиш мақсадида инглиз, немис ва француз тили фанлари бўйича илғор хорижий мамлакатларнинг эътироф этилган дарсликларини харид қилиш бўйича хорижий нашриётлар билан музокаралар олиб борилаётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимида тўққизта ижод мактаби фаолият юритмоқда.

Top