Жаҳон | 19:38 / 24.07.2020
7134
2 дақиқада ўқилади

Беларусь мухолифатчиси Валерий Цепкало мамлакатни тарк этди

29 июнда Беларусь ИИВ Туркия фуқаросининг аризасига кўра Валерий Цепкалога нисбатан терговга қадар суриштирув олиб борилаётганини маълум қилганди.

Фото: Василий Федосенко / Reuters

Беларусь президентлигига ўз номзодини илгари сурган Валерий Цепкало мамлакатни тарк этди. У «Дождь» телеканалига берган интервьюсида ўзининг ҳибсга олиниши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга бўлганидан сўнг кетишга қарор қилганини айтди.

Цепкалонинг маълум қилишича, у билан бирга икки фарзанди ҳам Россияга кетган. Турмуш ўртоғи Вероника эса Минскда қолган, у президентликка номзоди рўйхатга олинган Светлана Тихановская штабида ишламоқда.

Ўз навбатида Вероника Цепкало нафақат эрининг ҳибсга олиниши, балки улар фарзандларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга эканлигини айтган. У эри ҳозир Москвада эканлигини маълум қилган.

29 июнда Беларусь ИИВ Туркия фуқаросининг аризасига кўра Валерий Цепкалога нисбатан терговга қадар суриштирув олиб борилаётганини маълум қилганди.

14 июлда Беларусь МСК Валерий Цепкало ва Виктор Бабариконинг номзодини рўйхатга олишни рад этди. Улар амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенконинг жиддий рақиблари деб ҳисобланаётганди. 

 Беларусда президент сайлови 9 августда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид