Жаҳон | 15:37 / 16.02.2022
9237
2 дақиқада ўқилади

Минск машғулотлардан сўнг бирорта ҳам россиялик ҳарбий Беларусь ҳудудида қолмаслигини билдирди

Россия–Беларусь ҳамкорлигидаги “Иттифоқ қатъияти – 2022” ҳарбий машғулотлари 10 февралда бошланган ва 20 февралда якунланади. 

Фото: Рамиль Насибулин/БелТА/ТАСС

Ҳамкорликдаги машғулотлар тугаганидан сўнг бирорта ҳам россиялик ҳарбий хизматчи ва Россиянинг бирорта ҳам жанговар техникаси Беларусь ҳудудида қолмайди. Бу ҳақда Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей маълум қилди.

“Бирорта ҳам ҳарбий, бирорта ҳам жанговар техника қолмайди. Бу ҳақда мудофаа вазирлиги ҳам, Беларусь президенти ҳам айтган ва бу ҳақда ЕХҲТ доирасидаги турли тадбирларда ҳам айтилган”, — деди Макей.

У Россия–Беларусь машғулотлари режа бўйича ўтказилаётганига эътибор қаратди.

“Бу машғулотлар иттифоқ давлати кучларининг жанговар тайёргарлигини текшириш имконини беради. Машғулотлар Беларусь ҳудудида ўтказилаётганига асос бор. Биз НАТО ғарбий чегараларимиз ва Украинада қандай фаоллик кўрсатаётганини кўриб турибмиз”, — деди Беларусь ташқи ишлар вазири.

“Иттифоқ қатъияти – 2022” ҳарбий машғулотлари 10 февралда бошланган ва 20 февралда якунланади. 

Аввалроқ Россия жанубий ҳарбий округ бўлинмалари Қрим яриморолидаги полигонда ўтказилган тактик ўқув машғулотларини якунлаб, ҳудудни тарк этгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид