Ўзбекистон | 11:39 / 25.07.2020
7343
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда почта хизматлари ислоҳоти кутиляпти (батафсил)

Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Президентнинг “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

Миллий оператор томонидан кўрсатилаётган хизматларни диверсификация қилиш ва кенгайтириш орқали, ахборот-коммуникация, транспорт ва логистика, почта ва молиявий хизматларни ривожлантириш;

почта алоқаси хизматларига бўлган талабни тўлиқ қондириш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларидан келиб чиқувчи мажбуриятларни бажариш;

почта хизматларини тақдим этиш жараёнларига замонавий ахборот технологиялари ва тизимларини жорий этиш, ахборот-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш ва электрон савдо майдончаларини жорий этиш ва ривожлантириш;

Республиканинг олис ва чекка ҳудудларида почта алоқаси тизими орқали молиявий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, жумладан барча турдаги тўловларни қабул қилиш, банк, суғурта ва бошқа хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш;

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида замонавий логистика марказларини яратиш орқали миллий логистика тизимини такомиллаштириш;

Миллий операторининг почта алоқаси инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, барча почта алоқаси объектларда босқичма-босқич замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ободонлаштириш ва қурилиш ишларини амалга ошириш ҳамда транспорт таъминоти тизимини янгилаш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш.

2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида почта алоқаси хизматларини лицензиялаш тартиби жорий этилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий оператор:

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан почта алоқаси объектлари тармоғи орқали йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни жисмоний ва юридик шахсларга етказиб бериш ва етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими жорий этилишини;

2020 йил 1 декабрдан бошлаб республикадаги барча почта объектларида замонавий хизматлар, жумладан “Гибрид почта” ва курьерлик хизматларини ривожлантириш, банк, суғурта ва бошқа хизматларни тақдим этиш йўлга қўйилишини;

2021 йил якунига қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини “онлайн” сотиш ва мижозларга етказиб бериш, шунингдек уларга товарларни экспорт қилиш имкониятини берувчи “Миллий онлайн савдо майдончаси” яратилишини;

2022 йил якунига қадар мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплекслар (почтаматлар) жорий этилишини;

2023 йил якунига қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга электрон тижорат орқали савдо қилишга шароит яратиш мақсадида босқичма-босқич Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Фулфилмент марказлари” ташкил этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Миллий оператор – “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятининг қўшимча акцияларини чиқариш ва жойлаштириш ҳисобига давлат улушини 51 фоизгача камайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Белгиланишича, қўшимча акцияларини чиқариш ва жойлаштириш ҳисобига келиб тушадиган маблағлар 2020 – 2024 йилларда почта алоқаси соҳасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва ушбу қарорда белгиланган бошқа вазифаларни амалга оширилишини молиялаштириш учун мақсадли йўналтирилади.

Мавзуга оид