Жаҳон | 21:39 / 28.07.2020
4921
2 дақиқада ўқилади

Францияда дунёдаги энг катта термоядро реактори қурилиши бошланди

28 июлда Францияда дунёдаги энг катта термоядро реакторини йиғишга старт берилди. Ушбу лойиҳани йириклиги бўйича Халқаро коинот станцияси ва Катта адрон коллайдерга қиёслаш мумкин.    

Фото: ITER

Халқаро тажрибавий термоядро реактори – ITER саноат кўламларида энергия олиш учун термоядро реакциясини қўллашга қаратилган энг йирик илмий лойиҳа ҳисобланади

Шу муносабат билан реактор жойлашган Кадараш тадқиқот марказидаги тантанали маросимда Франция президенти Эммануэль Макрон ва реакторни яратишда иштирок этаётган бошқа давлатлар расмий вакиллари иштирок этган.

Реактор Франция жанубида Европа иттифоқи, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ билан ҳамкорликда қурилмоқда. Реакторнинг ишга туширилиши ва унда биринчи плазмани олиш 2025 йилга режалаштирилган. Агар лойиҳа муваффақиятли чиқса, унда инсоният деярли тугамайдиган энергия манбаини олиши мумкин.     

Реактор негизида термоядро синтезини бошқариш учун энг истиқболли қурилма ҳисобланувчи токамак қурилмаси ётади. Лойиҳадан мақсад эса термоядро энергиясини саноат кўламларида қўллаш мумкинлиги намойиш қилиш ҳисобланади.

Лойиҳада умумий ҳисобда 35 та давлат, жумладан қўшни Қозоғистон ҳам иштирок этмоқда. Барча бутловчи қисмлар етказилгач, қурилиш майдончасида реакторни йиғиш ва ўрнатиш бўйича ишлар бошланган.  

Жорий режаларга кўра, ITER 500 МВт иссиқлик энергияси ва 200 МВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Реакторни қуриш ва ундан фойдаланиш қиймати эса атом электр станциясиники каби бўлиши кутилмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид