Жаҳон | 20:09 / 30.07.2020
7349
1 дақиқада ўқилади

Бангладешда йирик сув тошқинлари. Мамлакат ҳудудининг қарийб 40 фоиз қисми сув остида қолган

Бангладешда муссон ёмғирлар бир ойдан бери тинмаётгани сабабли мамлакат ҳудудининг 37 фоизи сув остида қолди. Бу ҳақда Сув захиралари ва тошқинларни бошқариш институти профессори Сайфул Ислом The Daily Star нашрига маълум қилди. 

Фото: Xinhua

Олим сунъий йўлдошлардан олинган охирги суратларни ўрганиб чиққан. Унинг айтишича, мамлакатнинг пастқам ҳудудлари аҳолиси бир ойдан кўпроқ вақтдан бери тошқин шароитларида яшамоқда.  

Олимнинг таъкидлашича, 1998 йилда Бангладешнинг 68 фоизга яқини, 1988 йилда 61 фоизи, 2007 ва 2017 йилларда 42 фоизи ҳамда 2004 йилда 38 фоизи сув остида қолган.

У жорий тошқинларни охирги 22 йил ичида энг узоқ давом этаётган деб атаган. Бу ҳолат 32 кундан бери давом этмоқда ва олим яқин 2 ҳафта ичида сув камайиши аломатларини кўрмаётганини айтган.

Вазият, аксинча, мамлакат шимолида янада ёмонлашиши мумкин. Бу ерда 31 июлда Тиста ва Дхарла дарёларида ва пойтахт Даққа атрофида сув сатҳининг кўтарилиши кутилмоқда. 

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг 24 июлдаги маълумотларига кўра, Бангладешда тошқинлар оқибатида 550 киши ҳалок бўлган, 9,6 млн киши жабр кўрган. БМТда таъкидланишича, ушбу тошқинлар 1988 йилдан бери энг узоқ давом этувчи бўлиши мумкин. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид