Жаҳон | 21:37 / 30.07.2020
3090
3 дақиқада ўқилади

Москва коронавирус сабабли 500 миллиард рубль йўқотади – Собянин

Коронавирус пандемияси Россия пойтахти Москва иқтисодиётига жиддий зарар етказди. Москва мэри Сергей Собяниннинг таъкидлашича, йил охиригача шаҳар иқтисодиётининг коронавирусдан йўқотишлари 500 млрд рублга яқинни ташкил қилади. 

“Шубҳасиз, шаҳар бюджетига жиддий зарар етказилди. Биз йил охиригача йўқотишлар 500 млрд рублга яқинни ташкил қилишини кўрмоқдамиз. Бундан ташқари, биз бизнесни, фуқароларни қўллаб-қувватлашга ва бутун соғлиқни сақлаш тизимининг коронавирусга қарши курашга ўтиши билан боғлиқ масалаларга 250 млрд рубль сарфлашга мажбур бўлмоқдамиз”, деб маълум қилган Собянин “Россия 24” телеканали эфирида.  

Унинг таъкидлашича, маблағларнинг бир қисми янги клиникалар очилишига, шифохоналарнинг коронавирусга чалинганларни даволаш учун ихтисослаштирилишига, дори-дармон харид қилишга, шифокор ва ҳамшираларга маош тўлашга сарфланган.

Шу билан бирга, Собяниннинг айтишича, кўрилган чоралар ўз самарасини берган: Москвада коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор, вирус тарқалишининг чўққисидан ўтилган. Унинг таъкидлашича, шаҳарда коронавирусга кунлик чалиниш ҳолатлари сони 650-700 та атрофида бўлади. “Биз нол даражага кетишимизга умид қилиш даргумон”, деб айтган Собянин. 

Унинг маълум қилишича, ҳозирда Москвада коронавирусга чалинганларни қабул қилиш учун 6,5 мингта ўрин тайёр турибди. Ваҳоланки, май ойида шаҳарда вирус тарқалиши авжи паллада бўлганда ўринлар сони  23 мингтага яқин бўлган. 

Охирги маълумотларга кўра, Россия пойтахтида сўнгги суткада 678 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган, пандемия бошидан бери коронавирус юқтирганлар сони умумий ҳисобда 240,6 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Бу Россиянинг бошқа исталган ҳудудидаги кўрсаткичлардан юқорироқдир.

Россия бўйича эса коронавирусга чалинганлар сони 834 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда, улардан 13,8 минг киши вафот этган.  

Аввалроқ Собянин коронавирусга қарши вакцинанинг рўйхатдан ўтказилиши яқин ҳафталарда юз бериши, шундан кейин москваликларни оммавий равишда бепул эмлаш бошланишини маълум қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид