Жаҳон | 07:58 / 31.07.2020
6490
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронга қарши янги санкциялар киритди

АҚШ Теҳронга қарши янги санкциялар киритиб, Эронга унинг ядро, ракета ва ҳарбий дастурларида қўлланиши мумкин бўлган металл ва материаллар етказишни тақиқлади. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.      

“Бугун давлат департаменти Эроннинг ядро, ҳарбий ва баллистик ракета дастурлари билан боғлиқ ҳолда қўлланувчи 22 та материални аниқлаштириб олди. Бундай материалларни Эронга берувчилар АҚШнинг Эрон эркинлиги ҳақидаги қонунининг 1245-бандига мувофиқ санкциялар остига тушади”, деб айтилган Помпео баёнотида.  

Унинг таъкидлашича, Эроннинг ядро, ракета ва ҳарбий дастурлари “халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий хавф солади”.

Бундан ташқари, Эроннинг қурилиш тармоғига материаллар етказилиши ҳам тақиқланди, чунки АҚШнинг фикрича, ушбу тармоқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан назорат қилинади.

Тақиқ остига тушган металлар орасида алюминийнинг 7 та тури, унинг қотишмалари, алюминий кукуни, бир неча турдаги пўлат, бериллий бронзаси ва волфрам-мис қотишмаси бор. 

АҚШ 2019 йил кузида ҳам Эронга графит, кўмир, металл хомашёси каби материалларни сотишни, етказишни ёки беришни ёхуд бу материалларнинг Эрондан импортини тақиқлаганди.

Мавзуга оид