Жаҳон | 09:31 / 31.07.2020
7607
2 дақиқада ўқилади

Ботсванада юзлаб филлар нобуд бўлишининг эҳтимолий сабаби маълум қилинди

Ботсванада филларнинг ёппасига нобуд бўлишига табиий токсинлар олиб келган бўлиши мумкин. Бу ҳақда мамлакатнинг ёввойи табиат ва миллий боғлар департаменти раҳбари Сирил Таоло маълум қилди.

Фото: Reuters

Унинг таъкидлашича, мамлакатда камида 281 та фил нобуд бўлган.

Нобуд бўлган филларнинг турли давлатларда қилинган таҳлиллари натижалари уларнинг нобуд бўлишига юқумли касаллик сабаб бўлгани эҳтимоли камлигини кўрсатган. Олимлар айнан қандай заҳарли модда филларнинг кўплаб нобуд бўлишига сабаб бўлганини аниқлаштиришмоқда.

Бостванада филларнинг оммавий нобуд бўлиши март ойидан бошланган. Филларнинг кўздан кечирилиши улар браконьерлар томонидан ўлдирилмаганига ишора қилмоқда: жонзотлар танасида зўравонлик билан ўлдирилгани аломатлари топилмаган, дандон тишлари ҳам жойида бўлган. Бунга куйдирги сабаб бўлгани тахмин қилинган, бироқ охирги таҳлиллар бу версияни рад этган.   

Science Alert портали маълумотларига кўра, нобуд бўлган филларнинг аксарияти юзтубан ётган ҳолатда бўлган. Бу улар жуда тез вақт ичида ҳалок бўлганини англатади. Бундан ташқари, ўлик филларнинг аксарияти Ботсвана шимолидаги сув ҳавзалари ёнида, Окаванго Дельта кўриқхонасида топилган. Шу билан бирга, қўшни Намибияда филларнинг бундай оммавий нобуд бўлиши кузатилмаган.         

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ботсванада Африкадаги барча филларнинг учдан бир қисми, яъни 130 мингдан ортиқроқ фил бор.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид