15:20 / 04.08.2020
35703

Хоразмда содир бўлган «самосуд» ҳолати бўйича расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида “самосуд” ҳолати тасвирланган видеоёзув тарқалди.

Фото: Тергов департаменти

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, жорий йилнинг 24 июль куни соат тахминан 12:00ларда 26 ёшли И.О. ўзининг таниши, 20 ёшли Ю.Т. (аёл) билан учрашган вақтида, ушбу ҳолатни И.О.нинг турмуш ўртоғи 24 ёшли М.С. (аёл)нинг дугоналари кўриб қолиб, телефон орқали бу ҳақда М.С.га хабар бериб уни чақиришган. 

Қайд этилишича, улар фуқаро Ю.Т. (аёл)ни ушлаб олиб, турли хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, жанжал қилишган ва М.С. (аёл) фуқаро Ю.Т. (аёл) танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган.

Ушбу жанжал вақтида М.С.нинг дугоналаридан бири ўзининг уяли телефон аппарати орқали видеотасвирга олиб, кейинчалик мазкур видеолавҳани Telegram мессенжери орқали ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Гурлан тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Шу ўринда, фуқароларимиздан юқоридаги каби ҳолатларда ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиб, хато қилганларни ўзлари жазолашга уринмасликларини, белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини сўраймиз. Бундан ташқари, бу каби ҳолатлар тасвирланган видеолавҳаларни ижтимоий тармоқларда тарқатаётган фуқароларимизга эслатма:

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 189-1-моддаси ва Жиноят кодексининг 130-1-моддаларида кўрсатилган “Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш” каби маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради”, - дейилади хабарда.

Top