00:10 / 05.08.2020
49078

«Миллий фалокат». Ўнлаб қурбонлар, «жуда кўп» жароҳатланганлар, харобалар ва Байрутдаги портлашнинг бошқа тафсилотлари

Ливан пойтахти Байрутда 4 август куни жуда кучли портлаш содир бўлди — дастлабки хабарларда шаҳарнинг порт ҳудудида пиротехника омбори портлаб кетган. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони камида 78 нафарни ташкил этмоқда, жароҳатланганлар сони аниқ эмас. Байрут губернатори Марвон Аббуд ушбу ҳодисани Ҳиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташланган ҳолат билан қиёслади. «Мен бутун ҳаётим давомида бундай кўламдаги вайронгарчиликка гувоҳ бўлмагандим. Бу миллий ҳалокат», — деган у.

Байрутдаги портлаш сабаблари бўйича бир-биридан фарқли маълумотлар тарқалди. Дастлабки хабарларда бу пиротехника воситалари сақланган омбордаги портлаш экани айтилган бўлса, кейинроқ бинода кимёвий воситалар сақлангани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди. Бу портлашда исроилликларнинг қўли борлиги ҳақидаги хабарлар Исроил ҳукумати томонидан ҳам, Ливан ҳукумати томонидан ҳам рад этилди.

Портлаш содир бўлган бинодан 10 километргача бўлган иншоотлар зарар кўрган, ойналари синган, деворлари қулаган. Сўнгги маълумотларга кўра 30 киши портлаш оқибатида ҳалок бўлган, 2,5 мингдан ортиқ одам жароҳат олган. Al Arabia нашри эълон қилган видеода ерда ётган жасадлар кўринган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ҳамад Ҳасан жабрланганлар жуда кўп эканини айтди.

Ҳалок бўлганлар орасида «Ал-Катаиб» партияси бош котиби ҳам бор.

Қурбонлар ва жароҳатланганлар сони ўсиши кутилмоқда.

«Бу теракт эмас»
Ливан хавфсизлик хизмати раҳбари Аббос Иброҳимнинг айтишича, портлаш содир бўлган бинода мусодара қилинган портловчи воситалар сақланган. Бу портлаш теракт эмаслиги айтилмоқда. «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати портлашга алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Портлаш теракт оқибатида содир бўлгани ҳақидаги версия ҳам бежиз пайдо бўлгани йўқ эди. Жума куни БМТ трибунали 2005 йилда теракт сабаб ўлдирилган Ливан бош вазири Рафиқ Ҳаририй иши бўйича 4 кишини сиртдан ҳибсга олиш бўйича қарор чиқариши кутилганди. Шу боис портлашга Исроил ҳукумати ҳамда Ливанда фаолият юритувчи ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши айтиладиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг алоқаси борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

«Бу Ҳиросима ва Нагасакидаги портлашга ўхшайди»
Байрут шаҳри ҳокими Марвон Аббуд содир бўлган портлашни Иккинчи жаҳон уруши якунида Япониянинг Ҳиросима ва Нагасаки шаҳарларида содир бўлган атом бомбаси портлашига ўхшатди. «Умрим бино бўлиб бунақа портлашни кўрмаганман. Бу миллий фалокат», деди пойтахт раҳбари. Ливан бош вазири Ҳасан Диаб портлашдан сўнг фавқулодда ҳукумат йиғилишини чақирган. У 5 августда мамлакатда 3 кунлик мотам эълон қилиши кутилмоқда.

Шифохоналар тўлиб-тошган

Интернетда Байрутдаги касалхоналарда олинган видеолар тарқалди. Унда касалхона бинолари одамлар билан тўлгани кўринган. Шундоғам коронавирус сабаб зўриқиш билан ишлаётган касалхона ходимлари қийналиб қолишган. Улар тўлиқ таркибда ишламоқда ва одамларга йўлакларда бирламчи ёрдам кўрсатишга мажбур бўлишмоқда. Ҳукумат касалхоналарга ҳаммага бепул ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма берган.

Ҳукумат ЖССТдан ёрдам сўраган, Исроил ўз ёрдамини таклиф этган.

Портлаш оқибатида Байрут халқаро аэропорти ҳам зарар кўрган ва бу парвозларга таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, атрофдаги портлар фаолияти ҳам тўхтаган ва бу деярли барча зарур маҳсулотларни импорт қилувчи Ливан учун жиддий муаммони келтириб чиқаради. Портлаш оқибатида Россия элчихонаси зарар кўргани, Қозоғистон консули енгил жароҳат олгани ҳам айтилган. Портлаш кучи Байрутдан 250 километр узоқликдаги Кипр соҳилларигача сезилган.

Портлаш ҳақидаги хабарлардан сўнг Ливанда интернет билан муаммо пайдо бўлган. Интернет тезлиги кескин пасайган ва баъзи жойларда алоқа йўқолган. Бунинг сабаби портлаш оқибатида техник ускуналарнинг зарар кўргани айтилмоқда.

Портлаш сабаби
Ливан ички ишлар вазири Муҳаммад Фаҳмий Байрут портида аммиакли селитра портлагани ҳақида маълум қилди.

Al Mayadeen телеканали куч ишлатиш тизимидаги манбасига таяниб хабар беришича, «тўққиз йил аввал кемалардан биридан мусодара қилинган ҳамда қайта ишлаш ёки йўқ қилиш учун портдаги омборда сақланган портловчи моддалар портлаган».

«Тўрт ой аввал портда бундай юкни сақлаш жуда хавфли эканлиги тўғрисида ҳисобот тайёрланганди», - деган телеканал манбаси.

Айрим маълумотларга кўра эса, омборда қисқа туташув оқибатида ёнғин чиққан, натижада селитра портлаган.

Мавзу
Байрутдаги портлаш
4 август куни Ливан пойтахти Байрутда вайронкор портлаш рўй берди.
Барчаси
Top