Ўзбекистон | 11:58 / 05.08.2020
11229
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг шарқий ва ғарбий ҳудудларида транспорт қатновини қулайлаштириш таклиф этилди

Мамлакатнинг шарқий ва ғарбий ҳудудларида транспорт қатновини қулайлаштириш таклифи берилди.

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистоннинг шарқий ва ғарбий ҳудудларида транспорт қатновини қулайлаштириш ҳақида петиция жойлаштирилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатнинг водий вилоятлари ва пойтахт қисмини бошқа (марказий, жанубий ва ғарбий) ҳудудлар билан боғлашда М-39 трассаси асосий йўл сифатида фойдаланилади. 

“Ушбу трассанинг Самарқанд вилоятидан ўтган 200 км.лик қисмининг аксарияти аҳоли гавжум масканлардан ўтганлиги ва автомобиль тезлигининг чекланиши ушбу ҳудуддан қатнашда бир қанча ноқулайликларни юзага келтиради. 

Ушбу ҳудудда транспорт юкламасини камайтириш учун Навоий вилояти Нурота туманини Жиззах вилояти Фориш тумани билан боғлайдиган йўл (кейинги ўринларда “шимолий йўл”) аслида транспортда қатнаш учун жуда қулай. 

Энг асосийси, Нурота тумани ҳудудидан ўтган 140 км.лик асфальт йўл ҳатто пойтахтнинг айрим кўчаларидан яхши ҳолатда. Фақат ушбу йўлга Жиззах шаҳри орқали ноқулай ва Ш.Рашидов тумани орқали таъмирталаб йўл орқали чиқилиши кўпчиликнинг бу йўлдан юрмаслигига асосий сабабдир. 

М-39 трассасини Жиззах вилояти Пахтакор тумани орқали Фориш туманига олиб бориладиган йўлни очиш жуда катта лойиҳа бўлиб, унинг ижобий томонлари қўйидагича: 

биринчидан, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан пойтахт, водий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларига қатнаш масофасини камида 20-30 км.га қисқартиради ва қатнашни янада қулайлаштириш; 

иккинчидан, аҳоли гавжум масканлардан ўтган ҳудудларда турли йўл транспорт ҳодисаларининг камайиши; 

учинчидан, М-39 трассасининг Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтган қисми юкламасини камайтиради; 

тўртинчидан, Айдар-Арнасой кўллар тизимида режалаштирилаётган жуда катта эко-туристик лойиҳалар ривожига улкан фойда беради; 

бешинчидан, Фориш, Нурота ва Томди каби ривожланмай қолаётган ҳудудларнинг ривожланишига (турли хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланиши) сабаб бўлади, инвесторлар қизиқиши ва оқимини оширади; 

олтинчидан, пойтахт ва водий вилоятларидан Учқудуқ, Зарафшон шаҳарлари ва Томди туманига масофани 100 км.гача қисқартиришга хизмат қилади; 

еттинчидан, транспорт харажатларини камайтиради (Фориш, Нурота туманларида режалаштирилаётган лойиҳалар учун қисқа масофа жуда муҳим)”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Юқоридаги ижобий жиҳатларни инобатга олиб, Жиззах вилояти Пахтакор тумани орқали М-39 трассаси ва Фориш туманини боғловчи автомобиль йўлини тиклаш таклиф қилинган ва ушбу лойиҳаларга алоҳида эътибор бериш сўралган.

Мавзуга оид