14:20 / 05.08.2020
9034

Расман: Остон Ўрунов - «Спартак» футболчиси

«Спартак» «Уфа»нинг ўзбекистонлик яримҳимоячиси Остон Ўруновнинг трансфери ҳақида расман эълон қилди.

Москванинг «Спартак» клуби «Уфа» билан яримҳимоячи Остон Ўрунов трансфери борасида келишувга эришган. 19 ёшли ўзбекистонлик футболчи москваликлар клуби билан узоқ муддатли шартнома имзолаган.

Ўрунов Ўзбекистонда Наманганнинг «Навбаҳор» ва Тошкентнинг «Локомотив» клубларида тўп сурган. У Суперлигада жами 55 ўйинда майдонга тушган.

У Ўзбекистоннинг турли ёшдаги миллий жамоаларига чақирилган, 2019 йилда асосий жамоада дебют қилган.

Якунланган мавсумнинг иккинчи ярмида «Уфа»га келган футболчи РПЛнинг 10 ўйинида майдонга тушди, ҳужумкор ҳавбек сифатида ҳаракатланган футболчи ўзининг юқори тезлиги ва дриблинги билан катта қизиқиш уйғотди. Унга Москва клубларидан ташқари, Европа клубларидан ҳам таклифлар борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Ўрунов янги жамоасида 20-рақам остида тўп суради.

«Спартак» клуби матбуот хизмати ижтимоий тармоқлари орқали Остон Ўруновни оммага таништирди. Тайёрланган видеолавҳада Ўрунов «Спартак» либосида бўлиб, пост ўзбек тилида «чиройли қиламиз» изоҳи остида эълон қилинган.

Аввалроқ, Ўруновнинг «Уфа»дан 2 миллион евро трансфер маблағи эвазига «Спартак»ка ўтиши, Москва клубида йиллик 600 минг евро маош олиши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Top