20:42 / 05.08.2020
11071

Рой Жонс Майк Тайсонга қарши жангдан олдин қулоғини суғурталаб қўймоқчи

Фото: Донат Сорокин/ТАСС

Бокс бўйича собиқ мутлақ жаҳон чемпиони Рой Жонснинг менежери Жолт Барна Жонснинг Майк Тайсонга қарши жангидан олдин унинг қулоғини суғурталаб қўймоқчи.  

Афсонавий боксчилар АҚШнинг Карсон шаҳрида 12 сентябрда 8 раунддан иборат кўргазмали жанг ўтказишмоқчи. 

“1997 йил июнда Тайсон Эвандер Холифилд билан жангда рақиби қулоғининг бир қисмини тишлаб узиб олганини ҳисобга олиб, менежер бундай ҳолат юз бериши мумкинлигини назарда тутишга қарор қилди”, дейилган хабарда.

Холифилд ва Тайсон 1996 ва 1997 йилда 2 та жанг ўтказган. Жангларнинг иккисида ҳам Холифилд ғалаба қозонган. 1-жангда Тайсон 11-раундда нокаутга жўнатилган, 2-жангнинг 3-раундида эса рақибининг қулоғини 2 марта тишлаб олгани учун жангдан четлатилган. “Тишлоғич” Тайсоннинг бундай ҳаракатлари натижасида Холифилд ўнг қулоғининг бир қисмидан айрилган. “Темир Майк” ушбу қилмиши учун 3 млн доллар жарима тўлаган ва бир йилга боксчилик лицензиясидан маҳрум этилган.

Ҳозирда Тайсон 54 ёшда бўлиб, унинг ҳисобида 58 та жангдан 50 та ғалаба ва 6 та мағлубият бор. Унинг иштирокидаги яна иккита жанг бўлиб ўтмаган деб топилган. У мутлақ жаҳон чемпиони, WBC, WBA ва IBF версиялари бўйича жаҳон чемпиони бўлган. 2 марта (1989, 1990 йиллар) вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг яхши боксчи деб топилган.  

Унинг бўлғуси рақиби Рой Жонс 51 ёшда бўлиб, 2018 йилда фаолиятини якунлаган. У ҳам ўз вақтида мутлақ жаҳон чемпиони бўлган, бир неча вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритган. 3 марта (1996, 1999 ва 2003 йиллар) дунёнинг энг яхши боксчи деб топилган. Унинг ҳисобида 66 та ғалаба ва 9 та мағлубият бор. 

Top