Ўзбекистон | 23:51 / 07.08.2020
7879
2 дақиқада ўқилади

Фермер хўжаликлари тўғридан тўғри экспортга маҳсулот чиқариши мумкинми? – «Ўздавкарантин» жавоб берди

7 август куни АОКА биносида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида брифинг ўтказилди.

Дурдона Очилова /Видеодан кадр

Унда матбуот хизмати раҳбари томонидан ташкилотга етиб келаётган бир қатор саволларга жавоб берилди.

Хусусан, ўзбекистонлик фермерлардан бири «Ўздавкарантин»га фермер хўжаликлари тўғридан тўғри экспортга маҳсулот чиқариши мумкинми, мумкин бўлса, унинг тартиби қандай, мазмунидаги савол билан мурожаат қилган.

Дурдона Очиловага кўра, фермер хўжаликлари ўз маҳсулотини тўғридан тўғри экспортга чиқариши мумкин.

«Албатта, мумкин. Бунинг учун фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари вегетация (ўсув) даврида ҳамда маҳсулотлар экспорт қилинишидан олдин давлат карантин инспекторлари томонидан карантин назоратидан ўтказилиши керак.

Маҳсулотлар фитосанитария талабларига жавоб берганда давлат карантин инспекторлари томонидан экспорт қилиш учун фитосанитария сертификатлари белгиланган тартибда расмийлаштириб берилади», – деди у.

Брифинг давомида қишлоқ хўжалик махсулотларини экспортга чиқаришда тадбиркорларга меъёрий ҳужжатларни расмийлаштириш учун қандай имтиёзлар белгилангани борасида ҳам маълумот берилди.

«Ҳозир тадбиркорларга қулайлик яратиш ҳамда жараёнлар давомида учраши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида рухсат берувчи ва сертификация ҳужжатларини расмийлаштириш тўлиқ электрон тизимига ўтказилган. Бунда сиз хизмат учун тўловни «Payme» тўлов тизими орқали ҳам амалга оширишингиз мумкин.

Тадбиркорлардан 6та турдаги қоғоз шаклидаги ҳужжат ўрнига 1та электрон ариза олиш тизими жорий қилинди. Хорижий давлатлар билан маълумотларни алмашиш, сертификация ҳужжатларининг ҳаққонийлиги QR-код орқали онлайн тарзда текшириш йўлга қўйилди. 76та чегара масканининг барчаси VPN тармоғига уланди. Барча чегара масканлари ва ТИФ пунктларда ишонч телефонлари жойлаштирилди.

Бундан ташқари, имтиёзлар ва имкониятлар тўғрисида инспекциянинг karantin.uz расмий веб сайти орқали ҳам маълумотга эга бўлишингиз мумкин», – дея Дурдона Очилованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид