15:18 / 07.08.2020
7906

Курьерлик жўнатмаси орқали юборилган 5,4 кг заргарлик буюмлари фош бўлди

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида аниқланган икки қонунбузилиш ҳолати ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, постда хорижий давлатдан курьерлик ташкилоти орқали 6 нафар фуқаро (Т.А, И.Ж, Д.Д, Д.Р, Т.С, У.Ш.) номига юборилган курьерлик жўнатмалари тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилган.

Натижада курьерлик жўнатмаларида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 87 хил турдаги, оғирлиги 5,4 кг бўлган, умумий қиймати 81,7 миллион сўмлик заргарлик буюмлари борлиги аниқланган.

Фонарлар ичига нима яширилган эди?

Амалдаги тартибларга кўра, гиёҳвандлик воситалари, хусусан гиёҳванд ўсимликлар ва уларнинг уруғларини халқаро почта жўнатмалари орқали жўнатиш тақиқланган. Шунга қарамай, почта жўнатмалари орқали қонунга хилоф равишда гиёҳванд ўсимликларнинг уруғларини жўнатиш ҳолатлари учраб турибди.

Хусусан, «Халқаро почтамт» орқали хорижлик фуқаро томонидан юртимизда истиқомат қилувчи фуқаролар А.Н, А.Б ҳамда С.Ф. номига юборилган почта жўнатмалари орасидаги фонарлар божхоначилар эътиборини тортди ва тегишли тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Натижада, фуқаро А.Н номига юборилган почта жўнатмасидаги фонарнинг ички қисмлари ичига 4 дона, фуқаро А.Б номига юборилган почта жўнатмасидаги фонарнинг ички қисмлари ичига 16 дона, фуқаро С.Ф. номига юборилган почта жўнатмасидаги фонарнинг ички қисмларига эса 46 дона «Каннабис» ўсимлиги уруғлари яширилгани аниқланди.

Жами 3та ҳолатда аниқланган 66 дона «Каннабис» ўсимлиги уруғлари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top