07:45 / 08.08.2020
4240

АҚШ Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Кэрри Ламга қарши санкциялар киритди

АҚШ маъмурияти Ҳонгконгнинг 11 нафар мансабдор шахси, жумладан Хитойнинг ушбу махсус ҳудуди маъмурияти раҳбари Кэрри Ламга қарши санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги сайтида маълум қилинган.

Фото: EPA-EFE/JEROME FAVRE

“Кэрри Лам Пекиннинг озодлик ва демократик жараёнларни бостириш бўйича сиёсатини амалга ошириш учун бевосита жавобгар. Ламга қарши санкциялар Ҳонгконг миллий хавфсизлигини таъминлаш ҳақидаги қонуннинг ишлаб чиқилишида, қабул қилинишида ва амалга оширилишидаги иштироки учун киритилмоқда”, дейилган хабарда. 

Ламдан ташқари, АҚШ санкциялари остига Ҳонгконг полицияси комиссари Крис Тан, хавфсизлик масалалари бўйича котиб (вазир) Жон Ли, адлия ишлари бўйича котиб Тереза Чэн (Чжэн Жохуа), Ҳонгконг миллий хавфсизлик қўмитаси бош котиби Эрик Чан (Чэнь Гоцзи), Хитой ҳукуматининг Ҳонгконгдаги девонхонаси раҳбари Ло Хуэйнин ва бошқа амалдорлар тушган.

Вашингтоннинг таъкидлашича, санкциялар рўйхатига тушганлар “Ҳонгконг автономлигига путур етказиш ҳамда сўз ва йиғилишлар эркинлигини чеклашга” алоқадор. 

“АҚШ Ҳонгконг халқини қўллаб-қувватлайди, биз уларнинг автономлигига раҳна солувчиларга қарши ўз воситаларимиз ва ваколатларимизни қўллаймиз”, деб айтган АҚШ молия вазири Стивен Мнучин.

Санкциялар остига тушганларнинг АҚШдаги активлари музлатилади, АҚШ фуқаролари ва компанияларига улар билан бизнес олиб бориш тақиқланади.

Top