17:11 / 08.08.2020
4869

Берилган ёрдамни эгасига етказиш пандемия давридаги синовдир - Имом-хатиб моддий ёрдамни эгаларига тўғри етказиш ҳақида

Фото: Uzreport TV

Бугун, 8 август куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сонида “Маҳкам ота” масжиди имом-хатиби Муҳаммадбобур Йўлдошев моддий ёрдамни етказишда талон-торожликлар кузатилаётгани бўйича фикр билдирди.

“Синовли кунларда сабр қилиш Aллоҳга хуш келадиган фазилат ҳисобланади. Мусулмон одам ҳар бир ҳолатда сабрли бўлиши керак. Қуръоннинг Бақара сураси 153-оятида Aллоҳ таоло “Эй, иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Aлбатта, Aллоҳ сабрлилар биландир”, - дея марҳамат қилади.

Aслида, берилган омонатга хиёнат қилмай, эгасига соғ-саломат етказишнинг асоси ҳам сабр ҳисобланади.  Сабр ҳам ибодатнинг бир кўринишидир. Халққа берилган ёрдамни эгасига етказиш пандемия давридаги синовдир”, - деб таъкидлади имом-хатиб.

Муҳаммадбобур Йўлдошев моддий ёрдамни эгаларига етказишда йўл қўйилаётган талон-торожликлар борасида ҳам муносабат билдирди.

“Бундай адолатсизлик учун охиратда жазо қаттиқ бўлади. Нисо сурасининг 58-оятида  “Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир” дея қайд этилган”, - деди имом-хатиб пресс-клубдаги суҳбат давомида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари талон-торож қилинаётгани ташвишга солаётганини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 млрд 750 миллион сўмдан зиёд маблағи талон-торож қилинган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top