Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нукуслик тадбиркорлар 100 та кислород концентраторини бепул тарқатишмоқчи
Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар ўз ҳисобларидан мамлакатга кислородли концентраторлар олиб келяпти. Ушбу ташаббус «KARDAR» корхонаси раҳбари, тадбиркор Мурат Шимбергенов томонидан амалга ошириляпти. Kun.uz мухбири тадбиркор билан телефон орқали суҳбатлашди.
— Кислородли концентраторлар ҳозир қаерда?
— Айни вақтда концентраторлар Хитойдан Тошкентга етиб келган. Юкларни олиб келаётган ходимларимиз билан гаплашдик. Эртага Нукусдан концентраторлар учун машина юборяпмиз. Масофа ва юкларнинг ҳажмига қараб 2–3 кунда оксигенераторлар Нукусга етиб келади. Кислород концентраторлари Ўзбекистонга етиб келгунига қадар бироз хавотиримиз бор эди. Сабаби — Қорақалпоғистондаги бизга ўхшаган бир неча тадбиркор ҳам хайрия қилишганди. Худога шукр, юкларга шикаст етмай давлатимизга етиб келди.

— Нечта концентратор олиб келинмоқда? Уларнинг умумий қиймати қанчани ташкил қилади?
— Биз Нукусга Хитойдан 100 дона кислородли концентратор олиб келмоқдамиз. Бир донаси умумий ҳисобда 450 доллардан тушди. Шахсан ўзим 100 млн. сўм хайрия қилдим. Умумий қиймати 45 минг доллар бўлди. Кўплаб тадбиркорлар ҳам пул ташлашди. Шунга қарамасдан, 20 минг доллар етмагани учун бировдан қарз олиб беришга тўғри келди. Лекин бу хабарни эшитган тадбиркорларимиздан бири шу қарзга олинган 20 минг долларни ўзи қоплаб берадиган бўлди.

Мақсадимиз — бу ускуналарни Қорақалпоғистон Республикаси ССВга бепул бериш. Нукусдаги бош врач коронавирус билан курашаётган, айниқса аҳволи оғир беморлар кислородли концентратордан узилса, худди сувдан чиқариб олинган балиқларга ўхшаб қийналишаётганини айтганди.
— Сизга кислородли концентратордан қандайдир молиявий манфаат борми?
— Йўқ. Бу ерда ҳеч қандай молиявий фойдани айтишнинг ва бу ишни қилишнинг ўрни эмас. Ҳар қандай инсон имкон қадар хайр-саховат қилиши керак. Яратган бизга шу имконни берган экан, биз ҳам қилдик. Тўғри, хайр-саховат қилиб, буни кимгадир айтиш аслида ярашмайдиган иш. Аммо бизнинг мақсадимиз ўзимизга ўхшаш тадбиркорларни, имкони бор инсонларни атрофимизга йиғиш. Айни кунларда бу мақсадимизга қайсидир маънода эришдик, десам ҳам бўлади. Қорақалоғистондаги тадбиркорлар билан кислородли концентраторларнинг иккинчи қисмига ҳам буюртма бериш арафасида турибмиз.

— Концентраторлар Нукусга келгандан кейин СВВ ходимлари қандай мақсадларда ва кимлар фойдаланаётганига эътибор қаратасизми?
— Ҳа, албатта. Бунга эътибор қаратамиз. Биласизми, ҳозир касалхоналар учун яна бир ечимни таклиф қилдик. Эндиликда касалхоналардаги нафас олиши қийин беморлар учун чет элдан олиб келинган махсус ускуналар орқали кислородни тўғридан тўғри беморлар ётган хонага кирита оламиз. Бу ишни мутасаддилар билан маслаҳатлашиб аллақачон бошлаганмиз.

— Аҳоли орасидан концентраторларни сотиб олишни истаётган инсонлар ҳам сизга мурожаат қилишаётган экан. Уларга қандай жавоб беряпсиз?
— Биз аҳолига Хитойдан ускуналарни ўз нархида олиб келиб беришимиз мумкин. Аммо бир шарт билан: агар кимнингдир яқини ростдан ҳам COVID-19 билан уйида даволанаётган бўлса ва бемор соғайиб кетгандан кейин ускунани касалхонага бериш шарти билан уларга етказиб берамиз.
Мавзуга оид
14:08 / 02.03.2026
Айрим ҳудудлар аҳолисига боғча пули камайтириб берилади
09:24 / 13.02.2026
Тошкент, Янги Тошкент ва Нукусда креатив парклар ташкил этилади
20:22 / 07.12.2025
Нукус ва Самарқанд ЮНEСКОнинг Глобал таълим шаҳарлари тармоғига қўшилди
22:13 / 26.11.2025