17:44 / 10.08.2020
4120

Жисмоний тарбия ва спорт университетига қабулда сузиш имтиҳони бекор қилинди

Пандемия шароитини инобатга олиб, Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетига қабулда сузиш бўйича нормативлар топширилмайдиган бўлди.

Бу ҳақда университет ректори Маҳмуджон Болтабоев 10 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Ўтган йили ижодий имтиҳонлар учта – умумий тактик тайёргарлик, умумий жисмоний тайёргарлик ва сузиш спорт турларидан ўтказилган бўлса, сузиш карантин қоидаларига тўғри келмагани учун бу спорт тури ижодий имтиҳонлар таркибидан чиқарилиб, унинг 33 балининг 3 бали биринчи тактик тайёргарликка, қолган 30 балини бевосита умумий жисмоний тайёргарлик қисмига берилди.

Абитуриентлар 2та касбий-ижодий имтиҳон топширади. Умумий тактик тайёргарликдан максимал балл – 96, умумий жисмоний тайёргарликдан эса максимал балл – 93 этиб белгиланди», – дея Болтабоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, ижодий имтиҳонлар вилоятлар кесимида ташкиллаштирилади. Ҳар бир абитуриент учун нормативларни топширишга ўртача 1 соат-у 20 дақиқа вақт ажратилади.

Ректорнинг қўшимча қилишича, университетга ўтган йили 9100дан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 19 407 нафарга етган.

19 407 нафар абитуриентдан аксарият қисми – 15 005 нафари ижодий имтиҳон топширади.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top