11:01 / 13.08.2020
7474

Ҳаво ифлосланиши бўйича июль ойи мониторинг натижалари эълон қилинди 

17 та шаҳарда «паст» ифлосланиш даражаси, Тошкент, Олмалиқ, Ангрен ва Фарғона шаҳарларида «юқори» ифлосланиш даражаси қайд этилган.

«Ўзгидромет» атмосфера ҳавоси ифлосланиши бўйича июль ойидаги мониторинг натижаларини эълон қилди.

Қайд этилишича, мониторинг 25 та шаҳардаги 63 та стационар кузатув пунктида амалга оширади. Аҳоли сонига қараб ва норматив ҳужжатлар асосида шаҳарларда 2 тадан 4 тагача пост жойлаштирилган. Кузатув пунктларида атмосфера ҳавосидаги 12 та ифлослантирувчи модда назорат қилинади.

Шаҳарда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш дастури бешта асосий ифлослантирувчи модда: чанг (қаттиқ муаллақ заррачалар), олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксидини ўз ичига олади. Саноат ажратмалари таркиби ва яқинда жойлашган шаҳарлар ва туташган ҳудудлар хусусиятларига қараб дастурий ўлчовларга бошқа моддалар (аммиак, фенол, формальдегид, озон, хлор, қаттиқ фторидлар, фторли водород, оғир металлар) қўшилади.

Атмосфера ҳавоси ҳолати устидан кузатувлар ҳар куни ҳафтасига 6 кун сутка давомида 3 марта (маҳаллий вақт билан соат 7:00, 13:00, 19:00 да) амалга оширилади. «Ўзгидромет» кузатув пунктларида ҳаво намуналари аспиратор усулида олинади ва марказ лабораторияларида таҳлил қилинади.

2020 йил июль ойида атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги республиканинг 21 та шаҳаридаги 56 та пунктда олиб борилган. 17 та шаҳарда «паст» ифлосланиш даражаси, Тошкент, Олмалиқ, Ангрен ва Фарғона шаҳарларида «юқори» ифлосланиш даражаси қайд этилган.

Шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши саноат корхоналари чиқарадиган ажратмалар, қурилиш ишлари ва метеошароитларга боғлиқ.

Умуман, июль ойида республика бўйича атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси меъёр чегарасида бўлган.

Атмосфера еролди қатламининг радиациявий мониторинги «Ўзгидромет» тармоғида ҳар куни 40 та шаҳар ва аҳоли пунктларидаги метеомайдончаларда гамма-нурланиш экспозиция дозасини асбоблар ёрдамида ўлчаш орқали амалга оширилади.

Ўтказилган радиациявий мониторинг бўйича 2020 йил июлда радиациявий гамма-фон қийматлари рухсат берилган меъёрдан ошмаган.

Top