Ўзбекистон | 21:40 / 13.08.2020
95097
4 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors Расул Кушербаев устидан парламентга арз қилди

«UzAuto Motors» АЖ депутат Расул Кушербаев устидан парламентга арзнома киритган. Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шарофутдинов ўз телеграм каналида маълум қилди.

UzAuto Motors арзномаси 10 август куни ЎзЛиДеПнинг Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган.

«10 август куни ўтган фракция йиғилишида ҳукумат томонидан киритилган бир қатор қонун лойиҳалари билан бирга UzAuto Motors АЖнинг парламентга йўллаган хати фракция аъзолари томонидан атрофлича муҳокама этилди.

Хатда эътироф этилишича, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербаев томонидан ижтимоий тармоқларда, электрон оммавий ахборот воситаларида монопол ташкилотга нисбатан айтиш лозимки, фуқаролар, сайловчилар томонидан билдирилган норозиликлар асосида айтган фикрлари «UzAuto Motors» акциядорлик жамиятининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар деб баҳоланмоқда.

Акциядорлик жамияти бу борада бир қатор асосларни ҳам келтиради», – деб ёзган Шарофутдинов.

Депутатга кўра, UzAuto Motors'нинг арзномасидаги бир неча ҳолатлари уни таажжубга солган.

«Биринчидан, Ўзбекистон Конституциясининг 10-моддасига ҳавола қилиниб, халқ томонидан сайланган Қонунчилик палатасининг депутатини «алоҳида шахс», яъни ваколатли эмаслигига ишора қилиниб, Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга хақли эмас, деган талқин келтирилмоқда.

Шу ўринда, эслатиб ўтмоқчи эдикки, ушбу моддада келтирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси таркиби қуйи ва юқори палаталардан иборат бўлиб, халқ томонидан сайланган депутатлар ва Сенат аъзоларидан (асосан маҳаллий Кенгаш депутатлари ичидан сайланадиган) шакллантирилади ҳамда улар қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида уларни сайлаган халқ номидан фаолият олиб боришади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасида «…депутат фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли» – деб белгилаб қўйилган.

Демак, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз ваколати доирасидан четга чиқмаган ҳолда иш юритган.

Иккинчидан, депутат ўз чиқишларида UzAuto Motors акциядорлик жамиятининг ўз товарларига қонун ҳужжатларига асосан мустақил равишда нархлар ва тарифларни белгилаш ҳуқуқига дахл этгани йўқ, аксинча UzAuto Motors йиллар давомида айнан монопол ташкилот сифатида, рақобатнинг йўқлиги шароитида ўз ҳисоб-китоблари бўйича товарларига юқори нархлар белгилаб келаётганини танқид остига олган ва фуқароларнинг арз-у додларига қулоқ солишни сўраган.

Айниқса, пандемия шароитида ҳеч бўлмаганда, «тез ёрдам»га мўлжалланган Дамас русумли автомобилларига арзонроқ нархларни белгилаб, мамлакат учун синовли даврда халқ дардига бакор келишни сўраган», – деб ёзган депутат Шуҳрат Шарофутдинов.

Унинг маълум қилишича, ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида сўз олган барча депутатлар партиянинг монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш борасидаги дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, Кушербаевнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.

Шу билан бирга, соҳадаги муаммоларни ўрганиш ва кўплаб масалаларга жавоб олиш мақсадида тегишли тартибда парламент эшитувини ташаббус этиш бўйича келишиб олинган.

Маълумот учун, Расул Кушербаевнинг танқидлари ортидан, Монополияга қарши кураш қўмитаси «UzAuto Motors» АЖга нисбатан иш қўзғатган эди. Қўмита компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган.

Иш очилгани ҳақида 29 июлда маълум қилинган эди. Мазкур текшириш бўйича якуний қарор ҳозирча маълум қилинмади.

Мавзуга оид