Жаҳон | 11:17 / 14.08.2020
5122
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қочқинларни яна қабул қила бошлади

АҚШда қочқинларни қабул қилиш дастури 30 июлдан ўз ишини қайта бошлади. Дастур 5 ой аввал пандемия сабабли тўхтатиб қўйилганди.

Фото: Reuters

АҚШ маъмурияти мамлакатга кириши маъқулланган қочқинларни яна қабул қилмоқда. Бу ҳақда давлат департаменти вакили маълум қилди.
 
“Бу дастур дунёдаги энг нотавон қочқинлар учун ҳаётий аҳамиятга эга. Уларда бошқа чора йўқ ва улар пандемия сабабли янада оғир аҳволга тушганлар”, деб айтган АҚШ вакили.  

АҚШ давлат котиби Майк Помпео қочқинларни қабул қилишни 29 июлда маъқуллаган.

“Илтимоси маъқулланган қочқинларни қабул қилиш дастури коронавирус билан боғлиқ барча хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда 30 июлдан ўз ишини қайта бошлади”, деб маълум қилган давлат департаменти вакили.

31 июль ҳолатига кўра, АҚШга кириш ҳуқуқини 7905 киши олган. АҚШда октябрда якунланадиган жорий молиявий йилда мамлакатга келган қочқинлар сони ҳукумат кутгандан камроқ бўлади.

Аввалроқ БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси вакили Пабло Матеу коронавирус пандемияси сабабли дунёда муҳожирлар ва қочқинлар сони камайганини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид