Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркия Ливияда ҳарбий база қуради
Туркия, Қатар ва Ливиянинг Миллий келишув ҳукумати Ливиянинг Мисурата шаҳрида турк ҳарбий-денгиз базасини ташкил этиш бўйича келишувни имзолади. “Ал-Арабия” телеканалининг хабар беришича, келишувга кўра Мисуратада уч томонлама ҳарбий мувофиқлаштириш маркази ташкил этилади.
“Бундан ташқари, томонлар қатарлик ҳарбий маслаҳатчиларни ливиялик ҳарбийларни ўқитиш учун Ливияга юбориш ҳамда Ливияга Туркия ва Қатардаги ҳарбий ўқув юртларида жойлар тақдим қилиш бўйича келишиб олди”, деб айтилган хабарда.
Келишув Миллий келишув ҳукуматига бўйсунувчи ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар қобилиятини ошириш мақсадида қабул қилинган.
17 августда Триполида Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар ва Қатар давлат мудофаа вазири Холид бин Муҳаммад ал-Аттийянинг Миллий келишув ҳукумати раҳбари Файз Саррож билан учрашуви бўлиб ўтган.
Ливияда узоқ вақтдан бери қўшҳокимлик амал қилиб келмоқда: Триполида Миллий келишув ҳукумати, мамлакат шарқида эса фельдмаршал Ҳалифа Хафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланувчи муваққат вазирлар маҳкамаси фаолият юритмоқда. Ўзаро қарама-қарши бўлган бу томонлар бир йил аввал мамлакатнинг бош шаҳри – Триполи учун жангга киришган. Шундан кейин Миллий келишув ҳукумати Туркиядан ёрдам сўраган ва унинг фаол қўллаб-қувватлови остида Ливия миллий армияси томонидан босиб олинган ҳудудларнинг бир қисми устидан назоратни қайтаришга муваффақ бўлган.