Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаззофийнинг ўғилларидан бири Сайф ал-Ислом Қаззофий ўлдириб кетилди.

Сиёсатчининг атрофидагилар Сайф ал-Ислом Қаззофий Триполидан 160 км жануби-ғарбда жойлашган аз-Зинтан шаҳридаги уйига бостириб кирган тўрт нафар қуролли шахс билан «тўғридан тўғри тўқнашув» чоғида ҳалок бўлганини айтишган. Кичик Қаззофийнинг маслаҳатчиси маҳаллий телевидениега берган интервюсида босқинчилар кузатув камераларини ўчириб қўйишгани ва Сайф ал-Исломни ўлдиришганини айтиб берган.

Бу маълумотни Ливия собиқ раҳбари ўғлининг адвокати Марсел Чеккалди ҳам AFP нашрига тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча қотиллик ортида ким тургани ва ҳужум қилганларнинг мотивлари нимада бўлгани маълум эмас, аммо адвокатнинг сўзларига кўра, бундан 10 кунча муқаддам кичик Қаззофийнинг яқин сафдошларидан бири унга «хавфсизлик бўйича муаммолар» ҳақида айтганди.

Ливия нашрларига кўра, Қаззофий ўз уйи ёнидаги боғда отиб кетилган.

Айрим манбалар эса у икки қуролли гуруҳнинг ўзаро отишмаси чоғида ҳалок бўлгани, бу гуруҳлардан бири Қаззофийни қўлга олишга ҳаракат қилгани ҳақида хабар тарқатган.

Сайф ал-Ислом Қаззофий ким эди?

Муаммар Қаззофийнинг иккинчи ўғли отасининг бошқаруви даврида ҳеч қандай расмий лавозимни эгалламаган бўлса-да, мамлакатдаги энг катта таъсирга эга шахслардан бири ҳисобланган.

2000 йил. Сайф ал-Ислом Қаззофий Германия ТИВ раҳбари Йошка Фишер билан суҳбатлашмоқда

У кўп жиҳатдан Ливия ташқи сиёсатини шакллантирган ҳамда муҳим ва нозик дипломатик миссияларда воситачи бўлган.

Хусусан, Сайф ал-Ислом 2003 йилда Ливиянинг оммавий қирғин қуролларидан воз кечиши бўйича музокаралар чоғида Ливия делегациясига раҳбарлик қилган. Шунингдек, у 1988 йилда Шотландиянинг Локерби шаҳри устида Pan American самолёти портлаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули ундириш бўйича музокараларда қатнашган – тергов портлашга Ливия раҳбарияти алоқадорлигини кўрсатганди. Триполи якунда ҳар бир қурбон учун (авиаҳалокат оқибатида жами 270 киши ҳалок бўлган – самолётдаги 259 ва ердаги 11 киши) уларнинг оилаларига 10 млн доллардан товон пули тўлаб беради, бунинг эвазига Ливияга қарши иқтисодий санкциялар бекор қилинади.

Сайф ал-Ислом Буюк Британияда, Лондон иқтисодиёт мактабида таҳсил олган ва инглиз тилини мукаммал билган. 2000 йилдан бери у Ливия четлатилган мамлакат мақомидан қутулиши учун саъй-ҳаракатларни амалга оширади, ислоҳотлар ва мамлакатни демократлаштириш умидлари у билан боғланган эди, деб эслатади Reuters агентлиги.