Жаҳон | 15:58 / 20.08.2020
27872
10 дақиқада ўқилади

Беларусда «вагнерчилар»нинг қўлга олиниши: Россиянинг махсус операциясими ёки Украинанинг?

Россия ОАВнинг фикрича, Украина махсус хизматлари Беларусда Вагнер хусусий ҳарбий компанияси жангчиларининг қўлга олинишига алоқадор ҳисобланади. Киев эса Россияни айбламоқда. DW ушбу можаро атрофидаги тахминларни жамлади.

Фото: AP

"Яхши ўйланган ва режалаштирилган дезинформация кампанияси". Украина президенти офиси  раҳбари Андрей Ермак Беларусда Вагнер хусусий ҳарбий компанияси жангариларининг пайдо бўлиши ва қўлга олинишига Украина махсус хизматлари алоқадор эканлиги тўғрисидаги хабарга ана шундай изоҳ берди.

Ермакнинг изоҳи 19 август куни, гўёки Украина махсус хизматларининг махсус операцияси тўғрисидаги хабар тарқалганидан деярли икки ҳафта ўтгач пайдо бўлди. Икки ҳафта ичида ушбу хабар тафсилотлар билан бойиди. Ермакнинг баёнотига эътибор тасодифий эмас, айрим маълумотларга кўра, айнан президент офисидан ахборот "сизиб чиқиши" махсус операциянинг муваффақиятли амалга ошиши ва жангариларнинг Украина ҳудудида қўлга олинишини барбод қилган.

"Террорчилар"нинг озод қилиниши: Минск 180 даражага ўзгарди

Беларусь ҳукумати Вагнер хусусий ҳарбий компаниясининг 33 нафар аъзоси қўлга олингани ҳақида 29 июлда, мамлакатда президент сайлови ўтказилишидан бир оз олдин маълум қилганди. Бир қисми илгари Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган бу шахсларга нисбатан теракт тайёрлаш бўйича дарҳол жиноий иш қўзғатилди. Беларусь президенти Александр Лукашенко эса ёлланма жангчилар "Беларусга махсус топшириқ билан келишгани ҳақида ҳамма нарсани айтиб беришганини" таъкидлади. 

Фото: DPA

5 август куни Лукашенко Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқотида "вагнерчилар"ни Украинага экстрадиция қилиш борасида ҳамкорлик қилишга ваъда берди, 12 август куни эса Украина бош прокуратураси қўлга олинган 33 кишидан 28 нафарини Украинага топшириш тўғрисида Беларусга сўров йўллади. Украинанинг аниқлашича, бу шахслар "Донецк ва Луганск областлари ҳудудида "ЛНР" ва "ДНР" террорчи ташкилотлари таркибида жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этишган". Аммо 14 август куни Украина учун кутилмаганда қўлга олинганларнинг барчаси Россияга топширилиши ҳақида маълумот пайдо бўлди. Бу Киевнинг норозилигига сабаб бўлди.

Россиянинг версияси – Киевнинг махсус операцияси

Беларусда "вагнерчилар"нинг қўлга олиниши Украина махсус хизматларининг махсус операцияси натижаси эканлиги ҳақида биринчи бўлиб 6 август куни Россиянинг "Комсомольская правда" нашри ёзди. Нашрнинг Россия махсус хизматларидаги манбаларига таяниб ёзишича, Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) агенти "Вагнер" компаниясининг собиқ жангчиларига Сурия ва Венесуэладаги нефть объектларида Россиянинг "Роснефть" компанияси манфаати учун ишлашни таклиф қилган. Уларни ўзига оғдириш вақтида ўзини "Сергей Петрович" деб таништирган УХХ агенти собиқ ёлланма жангчилардан биринчи навбатда уларнинг Донбассдаги жанговар тажрибаси ҳақида сўраган.

Нашр воқеалар ривожини "вагнерчилар"нинг 29 июлда санаторийда қўлга олинишигача – хусусан, жангчилар учун Украина туристик фирмалари орқали сотиб олинган авиачипталардан тортиб махсус операцияни ташкил этишда қатнашган шахсларнинг исм-шарифигача батафсил келтирган. Нашрнинг тахминича, қўлга олишга тайёргарлик чоғида Беларусь махсус хизматлари "украиналик ҳамкасбларидан "диверсантлар" кириб келгани тўғрисида маълумот олгач, улар билан яқин  алоқада бўлиб турган". Нашр ўз тахминини тасдиқлаш учун Россия махсус хизматининг ўзини таништирмаган ходими билан бўлган интервьюни жойлаштирган. 

"Барбод бўлган операция"

Россия ОАВнинг ёзишича, россиялик ёлланма жангчиларнинг Беларусь махсус хизматлари томонидан Минскда қўлга олиниши "Украина махсус операцияси"нинг якуний нуқтаси бўлиши керак эди. "Комсомольская правда"нинг тахминига кўра, бу Россия-Беларусь муносабатларига зарба бериши керак бўлган.

Фото: AP

Тез орада бу тахмин Украина Telegram-каналларида давом эттирилди. Уларнинг ёзишича, аслида махсус операцияда жангариларнинг Украина ҳудудида қўлга олиниши кўзда тутилган. Бунинг учун Минскдан Истанбулга парвоз қилган транзит рейс Украинада фавқулодда қўнишни амалга ошириши, Украина махсус хизматлари ўзларини қизиқтирган "йўловчилар"ни қўлга олиши режалаштирилган. Аммо махсус операция тўғрисидаги маълумот Украина президенти офисидан Россия махсус хизматларига етказилиши оқибатида режа барбод бўлган.

Ҳукуматнинг энг юқорисидаги хоинликми?

Кейинроқ украиналик қатор сиёсатчи ва журналистлар бу тахминни ушлаб олишди. Жумладан, 18 август куни украиналик таниқли журналист, "Цензор.нет" нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов ўзининг Facebook саҳифасида воқеалар хронологиясини жойлаштирди ва буни "ҳукуматнинг энг юқорисидаги хоинлик" деб атади.

Унинг маълумот беришича, 24 июль куни – Минскдан Истанбулга самолёт парвоз қилиши арафасида президент офисида бу масалага бағишланган йиғилиш ўтказилган. Унда Украина мудофаа вазирлигининг разведка бош бошқармаси (УМВ РББ) бошлиғи Василий Бурба ва УХХ раисининг биринчи ўринбосари Руслан Баранецкий президент Зеленскийга махсус операциянинг якуний қисми ўтказилиши тўғрисида маълумот берган. Бутусовнинг ёзишича, йиғилишда шунингдек, Андрей Ермак, Украина миллий  хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котибининг биринчи ўринбосари ва разведка бўйича қўмита раиси Руслан Демченко, президент офиси раисининг мудофаа масалалари бўйича ўринбосари Роман Машовец ва президент котиби  Мария Левченко қатнашган.

"Цензор.нет" манбаларининг маълумот беришича, йиғилишда Андрей Ермак операцияни ортга суриш кераклигини айтган. У айни пайтда Россия президенти ёрдамчиси Дмитрий Козак билан музокаралар олиб борилаётгани ва жангчиларнинг қўлга олиниши 27 июлдан Донбассда навбатдаги сулҳ бошланишига халақит бериши мумкинлигини иддао қилган. Махсус хизматларнинг эътирозларига қарамасдан, "Зеленский Ермакни қўллаб-қувватлаган ҳамда УХХ ва разведка бош бошқармасига террорчиларни қўлга олишни тўхтатиб туриш, операция ўтказишни Москва билан мулоқот қилиш қулай бўлиши учун 30 июлга кўчиришни буюрган". Оқибатда 33 ёлланма жангчи 25 июль куни Минск-Истанбул йўналишидаги самолётга чиқмаган, уларнинг парвози 30 июлга қолдирилган. 29 июль куни эса "вагнерчилар" қўлга олинди.

Фото: Sputnik

Журналистнинг ёзишича, бу воқеалардан кейин, 3 август куни президент офисида худди ўша шахслар иштирокида яна бир йиғилиш ўтказилган. Унда Василий Бурба операция хоинлик сабабли барбод бўлганини айтган ва барчани – ўзи, Ермак, Демченко ва Машовецларни полгирафда текширувдан ўтказишни талаб қилган. 5 август куни Зеленский Бурбани лавозимидан озод қилди, махсус операциянинг барбод бўлиши борасида суриштирув эса бошланмади, деб таъкидлайди Бутусов.

"Террорчиларни қўлга олишнинг барбод бўлишига уларнинг парвоз муддати ўзгариши сабаб бўлди. Қарор президент офиси раҳбари Ермак томонидан қабул қилинди ва президент Зеленский томонидан маъқулланди. Ермакнинг операцияни барбод қилишдан мақсади маълум - Ермак Путиннинг ёрдамчиси Козак билан муносабатлари ёмонлашишини хоҳламайди", - дея хулоса қилади журналист.

Кейинроқ ўша куни украиналик журналист Янина Соколова ўзининг YouTube-каналида гўёки ўзини "Сергей Петрович" деб таништирган УХХ ходими россиялик жангчилардан уларнинг Донбассдаги жанговар тажрибаси ҳақида батафсил сўраб, уларни оғдираётгани акс этган аудиоёзувни жойлаштирди. "Комсомольская правда" ҳам айнан "Сергей Петрович" ҳақида ёзганди.

Ермак ва УХХнинг раддияси

19 август куни Андрей Ермак бу тахминни рад этди.

"Россиялик ёлланма жангариларнинг Беларусда пайдо бўлишида Украина махсус хизматлари иштирок этганлиги ҳақидаги маълумот Россия ОАВда, 6 августда айнан Россиянинг "Комсомольская правда" нашрида пайдо бўлди. Бу яхши ўйланган ва режалаштирилган дезинформация кампанияси эканлиги кўриниб турибди", - деди Ермак lb.ua нашрига.

Шундан кейин УХХ ҳам "вагнерчилар махсус операциясида УХХнинг иштирок этгани тўғрисидаги маълумот оддий фейк" эканлигини билдириб, ушбу хабарларни қатъиян инкор этди. Махсус хизматнинг таъкидлашича, эълон қилинган аудиоёзувдаги суҳбатда хизматнинг ҳеч бир ходими қатнашмаган.

Украина разведкасининг версияси: Россиянинг махсус операцияси 

Ўз навбатида, Василий Бурбанинг ўрнига разведка бош бошқармаси раҳбари этиб тайинланган Кирилл Буданов Беларусда "вагнерчилар"нинг қўлга олиниши Россия махсус хизматларининг махсус операция эканлигини таъкидлади.

"Етарлича далиллар бу Россия махсус хизматларининг махсус операцияси эканлигини тасдиқламоқда", - деди у  18 август куни "Укринформ" агентлигига берган интервьюсида.

"Бу "содда" жангариларни алдаб Минскка келтириш мумкинлиги ҳақидаги чўпчакка фақат ҳеч нарсадан хабари йўқ одамгина ишониши мумкин", - деди у.

"Хусусий" деб номланадиган барча ҳарбий компаниялар тўғридан-тўғри Россия куч ишлатиш тузилмаларига бўйсунган ҳолда ишлайди ва ҳеч қачон уларнинг рухсатисиз ёки йўл-йўриғисиз ҳаракат қилмайди. Ҳаттоки "хусусий" буюртмалар бўлган чоғда ҳам", - деди Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси бошлиғи.

Чоршанба куни Украина ташқи разведка хизмати (ТРХ) ҳам шунга ўхшаш баёнот берди. Қайд этилишича, "Вагнер гуруҳи Беларусда" деб номланган махсус ахборот операцияси Россияга бориб тақалади". ТРХнинг маълумот беришича, унинг вазифаси президент сайлови арафасида ва сайлов вақтида Беларусдаги вазиятни беқарорлаштириш, Украина махсус хизматларини Беларусь ҳудудида операция ташкил қилиш ва ўтказишга алоқадорликда айблаш ва охир-оқибат Украинани халқаро жанжалга тортиш ҳамда унинг халқаро обрўсига путур етказиш, маҳаллий сайловлар арафасида ҳукуматнинг рейтингини пасайтириш мақсадида Украина раҳбарияти шаънига доғ тушириш бўлган.

Мавзуга оид