Ўзбекистон | 08:19 / 20.08.2020
3960
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон пандемия вақтида Россия билан товар айланмасини 18 фоизга ошира олди

Фото: CC0 / Unsplash / Carlos Muza

Ўзбекистон пандемия вақтида Россия билан товар айланмасини ошира олган саноқли давлатлардан бири бўлди. 2020 йилнинг 1-ярмида икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 18 фоизга, Россиянинг Ўзбекистонга экспорти ҳажми эса 24,5 фоизга ўсган. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди. 

“2020 йилнинг 1-ярмида коронавирус пандемиясига қарамай, савдо-иқтисодий ҳамкорлик динамикаси ижобий натижа кўрсатди. 2020 йилнинг январь ойидан июнь ойигача бўлган даврда икки томонлама товар айланмаси деярли 18 фоизга, Россиянинг Ўзбекистонга экспорти ҳажми эса 24,5 фоизга ўсган”, дейилган хабарда.

Шунингдек, 19 августда Ўзбекистон ва Россия савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси ҳақида меморандум имзолаган. Ушбу ҳужжат икки томонлама учрашувларни ташкиллаштиришда кўмак бериш, қўшма ишлаб чиқаришларни яратиш, саноат ва савдо соҳаларида ўзаро манфаатли инвестициялар учун қулай шароитларни шакллантиришни назарда тутади. 

“Меморандумни амалга ошириш учун махсус ишчи гуруҳ – лойиҳа офисини тузамиз. Унинг ишига Россия ва Ўзбекистоннинг саноат ва савдо соҳасида фаолият олиб борувчи ташкилотлари, корхоналари ва бирлашмалари вакиллари жалб қилинади”, деб таъкидлаб ўтган Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров.

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва йўл-қурилиш машинасозлиги, фармацевтика, рақамли технологиялар ва ритейл белгилаб олинган.

Мавзуга оид