18:03 / 21.08.2020
36874

Қозоғистон кутилмаганда дунё автосаноати етакчисига айланди

Коронавирус пандемияси дунё бўйича автомобиллар савдоси ҳажмини қулатди, аммо Қозоғистонда эмас.

Фото: Getty Images

Қозоғистон савдо суръатларининг ўсиши бўйича кутилмаганда дунё автосаноати етакчисига айланди. 

Motor.ru хабарига кўра, коронавирус пандемияси авж олган май ойида кўплаб мамлакатларда янги автомобиллар савдоси ҳажми кескин пасайган, аммо Қозоғистонда эмас.

Миллий автомобиллар савдоси уюшмаси (NCSA) маълумотига кўра, май ойида дунё автобозори деярли 31 фоизга қисқарган ва 5,2 млн автомобиль сотилган. Жумладан, АҚШ янги автомобиллар бозори 29 фоизга, Россияники 54 фоизга, Буюк Британияники 87 фоизга, Францияники 47 фоизга, Германияники 49 фоизга қисқарган. 
 
Қозоғистонда эса янги автомобиллар савдоси 19 фоизга ўсган. 

Қозоғистон автобизнес уюшмасининг таъкидлашича, «ҳукумат ва автомобиль ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро келишилган ҳаракатлари туфайли савдо ҳажми ошган» ва бу натижа «мамлакатга дунёнинг энг барқарор бозорлар рейтингида пешқадам бўлиб олишга» ёрдам берган.  

Россия бозори фақат 2020 йил июль ойига келиб инқироздан чиққан ва ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоизни ташкил қилган. Апрель ойида эса статистика маълумотлари тарихида энг катта пасайиш кузатилган – 72,4 фоиз.

Қайд қилиш жоизки, NCSA 96 мамлакатдаги автомобиль бозори ҳолатини таҳлил қилади ва нафақат савдо бўйича, балки ишлаб чиқариш бўйича ҳам статистика маълумотларини тўплайди.

Top