Ўзбекистон | 08:11 / 29.08.2020
6138
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» Россиядан янги электровозлар олиб келди

Жорий йилнинг 28 август куни Тошкент-Марказий темир йўл вокзалига навбатдаги уч секцияли 3ES5K серияли 3 та янги «Эрмак» электровози олиб келинди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Россиянинг Новочеркасск шаҳрида жойлашган «Трансмашхолдинг» акциядорлик жамияти билан тузилган ҳамкорлик лойиҳасига кўра, 2018 йилда 2 та, 2020 йилнинг июль ойида эса яна 2 та 3 секцияли ушбу корхонада ишлаб чиқарилган янги «Эрмак» номли электровоз келтирилиб, эксплуатация қилинган эди. Навбатдаги келтирилган электровозлар ҳам ана шу ҳамкорликнинг узвий давомидир, дейилади компания хабарида.

Тақдимот маросимида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви ва масъул таркибий бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда мутахассислар янги электровозларнинг юкларни ташиш жараёнида муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. 

– Бугунги кунда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги пўлат изларнинг умумий узунлиги 7 минг 500 километрдан ошди, шу билан бирга, электрлаштирилган участка йўллари сони ҳам кўпайиб бормоқда, – дейди Локомотив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмал Сориев. – Бу турдаги локомотивлар сони энди 7 тани ташкил этмоқда. Электровоздаги компьютерлаштирилган тизими электрон қурилмаларнинг ишлаш умрини узайтиради ва хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшади. Ундан ташқари ушбу электровозлар техник кўриги ҳам олдинги электровозлардан фарқ қилади. Яъни олдинги электровозлар уч кунда бир марта техник кўрикдан ўтса, бу электровозлар 10 кунда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Мазкур электровозлар Тошкент, Қарши ҳамда Бухоро минтақавий темир йўл узеллар унитар корхоналари ҳудудидаги Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қарши вилояти йўналишларида ҳаракатланадиган юк поездларига хизмат кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид