Жамият | 21:20 / 30.08.2020
57589
6 дақиқада ўқилади

«Уйимни 19 йил деганда энди кўрдим» — афв этилган маҳкумлар билан суҳбат

Президент Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар маҳкумни афв этди. Улардан 105 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.

Биз афв этилган ҳамюртларимиздан тўрт нафари билан суҳбатда бўлдик.

Сарвар Бобоназаров (45 ёшда. 2007 йилдан буён қамоқда бўлган):

– Мана шу уйдан чиқиб кетганимга 19 йил бўлди! 19 йилдирки, уйимизни фақат тушимда кўрардим. 26 ёшимга қадар Тошкентдан ташқарига чиқмаганман. Москвада, Истанбулда бўлдим. 2007 йилда кимларнингдир йўриғига юриб, Покистонга йўл олдим. Хаёлимда борадиган жойларимни турлича тасаввур қилардим. Аммо чегарадаёқ қўлга тушдим ва Покистон қамоқларида 11 ой ётдим.

Покистонда 2,5х1,5 метрли таги тош, девори бетон хона, овқатлари шу қадар аччиқки, еб бўлмайди. Қишнинг совуғи туфайли соғлигимни жуда тез йўқотдим. Соқчилар ниҳоятда шафқатсиз, қўлимдан осиб қўйишган, уч кунлаб ухлатмаган пайтлари бўлди. Инсон уйқусизлик азобини бошидан ўтказсагина биларкан.

2008 йил Ўзбекистонга экстрадиция қилиндим ва 9,5 йил Қаршидаги қамоқхонада бўлдим. Кейин манзил колонияга чиқарилдим. Ва ниҳоят, ёзган илтимосномаларим инобатга олинди ва давлатимиз раҳбари мени ҳам афв қилдилар.

Мана шу уйимни 19 йил деганда энди кўрдим. Оиламни йўқотдим, икки фарзандим ҳозир қаерда, билмайман. Бу орада аввал онам, кейин отам вафот этишди.

Қайтганимда шаҳримизни таний олмай қолдим. Мен 26 ёшимгача яшаган Тошкент бутунлай ўзгариб кетибди...

Турли йўллар бошида турган ёшларга менинг ҳаётим сабоқ бўлсин. Биз қилган хатоларни сиз қилманг. Менга ишонч билдириб, муддатидан олдин озод қилган президентимизга миннатдорлигимни билдираман.

Мурод Жалолов (31 ёшда, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган, 8 йилдан сўнг афвга кўра озод этилган):

– Шу хатони қилиб қамоққа равона бўлганимда севган қизим бор эди. У мени унутмади. Йиллар ўтаверди, ёшимиз ҳам кетаверди. Манзил колониясига чиққанимда совчи юбордим. Қуда томон ҳам рози бўлишди. Озод бўлмай туриб уйландим хуллас...

Қизим туғилганида ҳам колонияда эдим. Озодликка чиқишим олдидан карантин бўлиб, қизимни 5 ой кўрмадим. Кўз олдимдан ўтганини тасвирлаб бера олмайман.

Қамалмасимдан олдин қурилишда ишлардим, уйларни таъмирлардим. Ҳозир ҳам шу ишни қилмоқчиман. Менга ишонган, кутган оиламнинг, ота-онамнинг юзини ерга қаратмасликка ҳаракат қиламан.

Ҳаёт 8-9 йил ортга қайтиб, ўша хато остонасида турганимда умуман бу йўлга кирмаган бўлардим...

Дилшод Абдуллаев (39 ёшда, 2016 йилда 6 йилга ҳукм қилинган, 4 йилда афвга кўра озодликка чиққан):

– Икки ўғлим, бир қизим бор. Қамалганимда қизим энди юра бошлаганди. У амакисини «дада» деб катта бўлибди. Акалари унга «бу бизнинг дадамиз эмас», дейишаркан, қизим эса бошқалар амакисини «дада» дейишларини кўриб йиғларкан.

Кейин негадир ҳаммага «менинг дадам иссиқ кунларда келади» деб кутаркан. Қиш чиқиб, ҳаво исиган пайтларида «нега дадам келмаяпти?», деб сўраб ҳаммани йиғлатаркан...

Ҳеч ким ота ўрнини боса олмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Қамоқда болаларингизнинг ҳидларини ҳам эслайсиз ҳатто. Айниқса, учрашувларни орзиқиб кутасиз, келиб кетишганидан кейин қалбингизни зулмат чулғайди.

Албатта, сўнгги йиллар ислоҳотлари қамоқхоналарни ҳам четлаб ўтмади. Бизга бўлган муносабат кескин ўзгарганди. Аммо панжара ортидаги бир кун ҳам йилларга татийди ва ундай кунларни ҳеч кимга раво кўрмайман. Адашманг...

Фаррух Пўлатов (24 ёшда, 2015 йилда диний экстремизмда айбланиб, 7 йилга ҳукм қилинган, 5 йилда озодликка чиққан):

– Кўпчилик мени кўриб, бунақа айбловларга аралашиб қолганимга ҳайрон бўлади. 19 ёшимда шу хатони қилдим, қаттиқ адашдим. Ота-онам, акам-укам бор; укам кичкина бола эди, катта бўлиб қолибди. Уканинг ҳаётида аканинг ўрни жуда катталигини ҳис қилдим қайтганимда.

Худо хоҳласа, уйланиш ниятидаман. Ҳаётимни йўлга қўйишда кўпчилик ёрдам бермоқчи. Ёшларга айтар сўзим, сиз бундай хатоларни қилманг! Айрим қизиққон йигитлар киноларда қамоқхоналарни кўриб ҳавас қилишади. Лекин у тасаввурлар биринчи кунданоқ учиб кетади.

Менга озодлик берганларга, ишонганларга катта раҳмат айтаман ва уялтириб қўймасликка ҳаракат қиламан. Президентимизнинг афвлари менга янги имконият берди.

Нуриддин Холиқназаров, Тошкент шаҳар бош имом хатиби:

– Диндошларимиз озодликка чиққанларини эшитиб, қалб амри билан уларни йўқлаб келдик. Айтмоқчи бўлганим шуки, ҳозирги давр бутунлай бошқача. Энди озодликка чиққан юртдошларимизни ҳеч ким ажратиб қўймайди, эгри кўз билан қарамайди. Аксинча, ҳар жиҳатдан уларга елкадош бўлишга ҳаракат қиламиз.

Мана, мачитларимиз очиқ, ҳар бир имом-домлаларимиз уларга кўмак беришга тайёр. Илм оламан, ишлайман дейишса, имкониятлар бор. Демак, бу озодлик неъматини тўғри англаб, юртбошимизнинг афвларидан керакли хулоса чиқариб, қайтиб бу йўлга кирмаслик керак.

 

Лавҳа ва мақола ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид