Light | 20:15 / 02.09.2020
72985
5 дақиқада ўқилади

Усмонийлар тарихи: Султон Сулаймон чиндан ҳам Хуррамга қарам бўлганми?

Усмонийлар империяси давомийлиги, шиддатли воқеаларга бойлиги ва жаҳон тарихида тутган ўрни туфайли тилга тушган. Айниқса турк киноижодкорлари тарафидан ишланган “Муҳташам юз йил” сериали мазкур сулола тарихига қизиқиш билан бирга бу давлат туризм салоҳиятига ҳам салмоқли ҳисса қўшди.

1299 йилда Усмон Ғозий томонидан асос солинган Усмонийлар (Усмонлилар, Оттоманлар, порта) империяси давомийлиги жиҳатдан рекордчилардан ҳисобланади ва орадан 7 асрдан кўпроқ вақт ўтиб, 1922 йилга келибгина ўз поёнига етган. Барча империялар каби Усмонийлар ҳам туғилиш, ўсиш, барқ уриб ривожланиш ва чўкиш даврини бошдан кечирган.

Барқ уриб ривожланишнинг бошланиши, ёки кескин бурилиш нуқтаси дея 1453 йилда Консантинополнинг фатҳ этилиши ва Истанбул дея қайта номланиши бўлса, империянинг ҳар жиҳатдан чўққига чиққан даври Султон Сулаймон ёки Сулаймон I, Сулаймон Қонуний бошқарувидаги 46 йиллик (1520—1566) даврга тўғри келади.  

Консантинополнинг фатҳ этилиши нафақат империя тарихида, балки жаҳон тарихида муҳим воқеалардан саналади ва ҳануз бу воқеа ҳамда унинг оқибатлари атрофидаги баҳсу мунозаралар тинмайди. Бу борада биргина Аё Софиё мажмуасининг мачитга айлантирилиши ортидаги муҳокамаларни эслаш кифоя.

Империянинг гуллаган даври ёки муҳташам асри дея таърифланувчи Сулаймон Қонуний ҳукмронлигида кўплаб муҳим воқеалар бўлиб ўтган. Аммо “Муҳташам юз йил” сериалининг ақл бовар қилмас муваффақияти ортидан бу даврдаги сиёсий жараёнлар, ҳарбий юришлар, хариталардаги ўзгаришлар ва турли-туман ислоҳотлар қолиб, сулола ҳаёти ҳарам ичидаги можароларга ўралашиб қолгандек тасаввур ўйғонган.

Бу борада Туркия президенти (2016 йилда бош вазир бўлган) Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам жиддий эътироз билдирган. “Буюк бобокалонимиз Сулаймон Султон тахтдаги умрининг 30 йилдан ортиғини эгарда ўтказган ва қатор давлатларни фатҳ этган. Бу сериал ижодкорлари эса уни ҳарамда аёллар ва маишатга ўралашиб қолган султон сифатида тасвирлашибди. Бу эса буюк тарихимизга нисбатан ҳурматсизликдир ва мазкур сериал намойиши тўхтатилиши лозим”, – деган у ўз чиқишларидан бирида.

Сериал албатта тўхтатилмади, аксинча, Эрдўғаннинг бу сўзлари унга бўлган қизиқишни янада ошириб юборди. Дунёнинг 60 давлати телеканалларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам бу киноасар намойиш қилинди. Шунга қарамай Туркиянинг телевидиние ва радио бўйича юқори кенгашига сериални тақиқлаш бўйича 70 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Чиндан ҳам, қатор тарихий манбалар ва нуфузли инсонлар бу сериалда султоннинг бутунлай бошқа қиёфада тасвирлангани, хусусан Хуррам султон таъсирига ҳаддан зиёд тушиб қолганини қоралаганлар.

Жумладан, усмонийларнинг тирик вакилларидан бири, султон Мурод V авлоди Усмон Салоҳиддин журналистлар билан учрашувда шундай деган: “Султон Сулаймоннинг тахт устидаги 46 йилини ўрганиб чиқсак, у юришларда 48 минг километрдан ортиқ масофани ортда қолдиргани маълум бўлади. Султон бу масофани кондиционерли “Мерседес”да босиб ўтмаган. Демак оддий ҳисоб-китобларда ҳам Сулаймон Қонунийнинг пойтахтда яшашга вақти бўлмаган. Ҳарамдаги майда-чуйдаларга аралашишгаку инчунун.

Мен ўша сериалнинг айрим қисмларини кўрдим. Нима ҳам дердим, у ўз номи билан бадиий киноасар. Агар у ҳужжатли фильм бўлганида балки қандайдир тарихий ҳақиқат талаб қилсак бўларди”.

Энг муҳими, бу сериалда, Хуррам Султоннинг шафқатсизлиги ва фақат фитналарни режалаштириб юриши ҳам ҳаддан ортиқ бўрттириб юборилган. Аслида Хуррам Султон давлатнинг энг етакчи амалдорлари билан яхши муносабатда бўлган, қатор хайрия ишларига ҳомийлик қилган, муҳтожларга мунтазам кўмак берган. Унинг Моҳидаврон Султон билан зиддияти ҳам доимий бўлмаган. Чунки иккиси пойтахтда кўп вақт бирга бўлишмаган. 

Ва ниҳоят Хуррам Султоннинг шаҳзода Мустафони ўлдириш учун фитна уюштиргани ҳам аниқ фактлар билан тасдиғини топмаган. Султон Сулаймон хиёнатнинг ҳеч бир турини кечирмаган ва шаҳзода Мустафонинг Эрон ҳукмдорлари – Сафавийлар билан алоқасига бўлган шубҳа туфайли қатл эттирган.

Бунда Хуррам Султоннинг роли аниқ исботини топмаганлигининг яна бир далили – Хуррам Султоннинг суюкли ўғли шаҳзода Боязид ҳам айнан Сафавийлар билан алоқа ўрнатгани учун отаси томонидан ўлдирилган. Султоннинг бу масалада қаҳри шу қадар қаттиқ бўлганки, Боязиднинг ортидан унинг беш нафар ўғли, яъни султоннинг набиралари ҳам қатл этилган ва уларнинг энг кичиги уч ёшда бўлган.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид