Ўзбекистонда янги қўмита ташкил этилди
Пиллачилик ва қоракўлчиликни жадал ривожлантиришни таъминлаш, пиллачилик ва қоракўлчилик кластерларини ташкил қилган ҳолда хомашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш мақсад қилинган.
Президент “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
2021 йил 1 июлга қадар республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари ташкил қилинади;
кластерларга қоракўл зотли қўйларини боқишга мўлжалланган, шу жумладан, ўрмон билан қопланмаган ўрмон фонди ерларидан яйловлар ижарага берилади;
кластерларга яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хомашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича мажбуриятлар юкланади;
кластерлар Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилади;
2021 йил 1 январдан бошлаб кластерларга ҳудудларда шахтали ва тик қудуқлар, шунингдек, сув тортиш учун насос станцияларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4567-сон қарори 2-бандида назарда тутилган 120 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар бериш тартиби қўлланилади;
Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзолари – кластер иштирокчиларига майда шохли наслдор мол харид қилиш ва кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, озуқа базасини яратиш, ярим тайёр ва тайёр, шу жумладан, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тери ва жунни қайта ишлаш ҳамда биноларни реконструкция қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш лойиҳаларини молиялаштириш учун 2020-2023 йилларда ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, лойиҳалар ҳажми, сони ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, тижорат банклари томонидан ўрнатилган фоиз ставкасининг 50 фоизи, бироқ 10 фоизлик пунктидан кўп бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсациялар берилади;
Уюшма аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.
Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилди.
Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифаси этиб белгиланди:
пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;
ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш;
Белгиланишича:
а) қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган барча яйловлар Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилади;
б) яйловлар кластерларга Қўмита томонидан мустақил равишда, шу жумладан, ноль ставкада ижарага берилади;
в) ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларидаги яйловлар кейинчалик Қўмита томонидан кластерларга, шу жумладан, ноль ставкада иккиламчи ижарага бериш учун Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Қўмитага ноль ставкада ижарага берилади;
г) қуйидагилар кластерларни ташкил қилиш шартлари ҳисобланади:
Қўмита, ташаббускор ҳамда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ўртасида ташаббускорга яйловни ижарага беришни, шунингдек, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи шартнома тузилиши;
ташаббускор томонидан яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хомашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича мажбуриятлар қабул қилиниши;
д) наслчилик чорвачилик субъектларини давлат аттестациясидан ўтказиш ва наслчилик чорвачилик хўжалиги мақоми тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш қоракўлчиликка тааллуқли қисмида Қўмита билан биргаликда амалга оширилади.
Қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган Яйловларни хатловдан ўтказиш ва ҳолатини ўрганиш бўйича комиссия ташкил этилди.
Комиссия 2020 йил 15 октябрга қадар қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган мавжуд яйловлар Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилишини таъминлаган ҳолда, ялпи хатловдан ўтказади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари 2020 йил 1 ноябрга қадар қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган яйловларни хатлов натижалари якунларига кўра Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказади.
Қуйидагилар:
Ипакчилик илмий-тадқиқот институти – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ихтиёридан;
Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти –Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ихтиёридан;
Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази – “Ўзчорванасл” агентлиги ихтиёридан Қўмитага ўтказилади.
Мавзуга оид
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:14 / 25.07.2024
Тошкент, Бухоро ва Наманганда заргарлик марказлари ташкил этилади
11:12 / 25.05.2024