23:10 / 04.09.2020
7018

Авиакомпаниялар йўловчиларга клапанли ниқобларда учишни тақиқламоқда 

Фото: Корреспондент

Бир неча йирик авиакомпаниялар клапанли ниқобларда бўлган йўловчилар самолётга қўйилмаслигидан огоҳлантирди. Уларнинг таъкидлашича, бундай ниқоблар бошқа йўловчиларнинг ҳимоясини етарлича таъминламаслиги мумкин. Бу ҳақда avianews.com нашри хабар берди

Клапанли ниқобларни тақиқлаган авиакомпаниялар орасида Air Canada ва Lufthansa Group ҳам бор.

Клапанли ниқоблардан фойдаланиш қулай бўлиб, у нафас олишда ҳавони фильтрлаш йўли билан ҳимояни таъминлайди, бироқ нафас чиқаришдаги ҳавони тозаламайди. Шу сабабли ушбу ниқоблар бошқа йўловчиларнинг ишончли ҳимоясини таъминламайди. Авиакомпаниялар ўз қарорларини айнан шу ҳолат билан асослашган. 

Бундан ташқари, Lufthansa Group’да бошга тақилувчи шаффоф экранларни ҳам юз ниқоблари ўрнига ишлатиб бўлмаслигига эътибор қаратилган. Ушбу ҳимоя экранлари нафас чиқаргандаги томчиларнинг юз рўпарасидаги қисмида тарқалишига йўл бермайди, аммо томчилар экраннинг четидан ташқарига тарқалиши мумкин. Шу сабабли ушбу ҳимоя воситаларини ҳам унча ишончли деб бўлмайди.

Ниқоб тақилиши касал одамдан инфекциянинг тарқалиши олдини олиши ёки унинг хавфини камайтириши керак. Баъзи ҳолларда коронавирус инфекцияси симптомларсиз кечгани сабабли, юз ва бурунни қопловчи ҳимоя воситалари кўплаб давлатларда катта ёшли йўловчилар учун мажбурий қилиб белгиланган.

Баъзи авиакомпаниялар тиббий сабабларга кўра ниқоб тақмасликка рухсат бермоқда, бироқ бунинг учун шифокорнинг буни тасдиқловчи ҳужжатини тақдим қилиш ёки парвоз олдидан коронавирусга таҳлил топшириш керак бўлади.

 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top