Ўзбекистон | 23:27 / 04.09.2020
4356
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлар ижтимоий ҳимоясига қаратилган лойиҳалар молиялаштирилади

Танлаб олинган лойиҳаларни амалга ошириш учун 3000-5000 АҚШ доллари қийматидаги молиявий кўмак ажратилади.

Фото: Depositphotos

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ижтимоий ҳимоя бўйича Қўшма дастури ногиронлик масалалари бўйича кичик лойиҳавий ташаббусларини қўллаб-қувватловчи танлов эълон қилмоқда. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар билан иштирок этиш мумкин.

Лойиҳалар ногиронлиги бор инсонларнинг ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг жамоат ҳаётининг турли жабҳаларидаги фаоллигини таъминлашни назарда тутиши лозим. Хусусан, COVID-19 пандемияси шароитида ногиронлиги бор инсонлар, айниқса ногиронлиги бор аёллар ва ёшларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган инновацион ёндашувларга асосий эътибор қаратилади.

Танлаб олинган лойиҳаларни амалга ошириш учун 3000-5000 АҚШ доллари қийматидаги молиявий кўмак ажратилади.

Иштирокчилар ўз лойиҳасини батафсил тавсифловчи, шу жумладан, Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси шароитида унинг мақсади, афзалликлари, долзарблиги ва амалга оширилишини тавсифловчи аризани тўлдиришлари керак бўлади. Аризалар жорий йилнинг 15 сентябрига қадар қабул қилинади.

Танлов учун лойиҳаларга қўйиладиган талаблар ва ариза топшириш тартиби билан бу ерда батафсил танишиш мумкин.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид