Жаҳон | 08:57 / 04.09.2020
22510
2 дақиқада ўқилади

Турк лираси рекорд даражада қадрсизланди

Турк лираси курси Туркияда август ойида юқори даражада инфляция сақланиб қолгани ҳақидаги маълумотлар ортида энг паст қийматгача тушиб кетди. Август бошида турк лираси евро ва долларга нисбатан антирекорд қайд қилганди.
        
Сўнгги суткада турк лирасининг долларга нисбатан курси бир кун аввалги савдолардагига қараганда 0,75 фоизга тушиб кетиб, 1 доллар учун 7,446 лирани ташкил қилган. Умуман олганда эса турк лираси Туркия марказий банки миллий валютани қўллаб-қувватлашга уринишларига қарамай, йил бошидан долларга нисбатан 20 фоиз қадрсизланган. Расмий маълумотларга кўра, Туркияда истеъмол нархлари августда йиллик ифодада 11,7 фоиз ошган. 

Турк лираси долларга нисбатан 2018 йилда Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескинлашгандан кейин жадал қадрсизлана бошлаган. Ўша вақтдан бери Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған фуқароларни миллий валюта фойдасига доллардан воз кечишга чақириб келади, марказий банк эса лирани қўллаб-қувватлаш учун валюта захираларини фаол сотиб келади. Goldman Sachs таҳлилчиларининг баҳолашича, 2020 йилнинг биринчи ярмида бу мақсадда марказий банк томонидан бутун 2019 йилдагига нисбатан кўпроқ маблағ сарфланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид