Жамият | 12:23 / 07.09.2020
3207
3 дақиқада ўқилади

ТДЮУ Ғафур Ғулом уй-музейини оталиққа олди

Тошкент давлат юридик университети Ғафур Ғулом уй-музейини оталиққа олди, шунингдек, Ғафур Ғулом номидаги махсус стипендия ҳамда кўркак нишонини таъсис этди, деб хабар бермоқда университет ахборот хизмати.

Қайд этилишича, бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги “Атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асос бўлган. Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, университетда Ғафур Ғулом ижодини кенг тарғиб қилиш йўлга қўйилмоқда.

Шу мақсадда мутасадди раҳбарлар ҳамда профессор-ўқитувчилардан иборат ижодий гуруҳ тузилди. Тегишли мазмундаги ўқув-маърифий тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

ТДЮУ Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Шерзод Пўлатовнинг сўзларига кўра йил давомида Ғафур Ғулом ижоди билан боғлиқ китоб ярмаркалари, янги асарлар тақдимотлари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши, турли танловлар, фестиваллар, викториналар ўтказиш, адиб яшаган манзилларга илмий-маърифий экспедициялар уюштириш режалаштирилган.

“Ғафур Ғулом уй-музейини оталиққа оляпмиз. Тез орада университетда Ғафур Ғулом хонаси ташкил қилиниб, суюкли шоир ва ёзувчимизнинг ҳаёт йўли акс этган экспозиция билан бойитилади. Яқинда www. gafurgulommerosi.uz сайтини ишга туширдик. Адиблар хиёбонидаги Ғафур Ғулом ҳайкалини обод этиш масъулиятини ҳам зиммамизга олганмиз. Келгусида, шунингдек, Ғафур Ғулом асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш, адиб ҳақидаги хотиралар китобини тайёрлаш ва нашр этиш, унинг маънавий меросини хорижда кенг тарғиб қилиш, талабаларга ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари ижоди ҳақида махсус дарслар ўтиш кўзда тутилган”, дея университет Шерзод Пўлатовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Жорий ўқув йилидан ТДЮУда таълим олаётган ёки ишлаётган бадиий ҳаваскор ёшлар танлов асосида “Илҳом” мукофотига ҳам тавсия этилади. Ғафур Ғулом номидаги махсус стипендияга эса ҳар бир факультетдан бир нафардан талаба сазовор бўлиши мумкин. Номзодлар ўқиш ва ижодда фаол, китобхонлик тарғиботига муносиб ҳисса қўшаётган ёш қаламкашлар орасидан танлаб олинади. Стипендияни қўлга киритиш учун улар тест синовидан ўтиши керак.

Ғафур Ғулом номидаги кўкрак нишони билан нафақат ижодкор талабалар, балки илму маърифатга ошно ўқитувчиларни ҳам тақдирлаш кўзда тутилган. Бу ҳолда ғолибларга бир марталик пул мукофоти тақдим этилади. 

Мавзуга оид