Ўзбекистон | 22:19 / 08.09.2020
24770
3 дақиқада ўқилади

Кадастр ҳужжати эгалик ҳуқуқини автоматик вужудга келтирмайди — Кадастр агентлиги

Уйнинг кадастр ҳужжатлари бўла туриб, ҳокимнинг тегишли қарори бўлмаса, мулк эгасининг ҳуқуқи кафолатланмайдими? Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Кадастр агентлиги директори Ҳалилуллоҳ Тўрахўжаев ушбу масала юзасидан 8 сентбяр куни ўтказилган матбуот анжуманида муносабат билдирди.

Ҳалилуллоҳ Тўрахўжаев

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, агентлик директори аҳоли орасида уйга, яъни қурилмага нисбатан тайёрланган ҳар қандай кадастр ҳужжати шу мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини автоматик вужудга келтиради, дея янглиш фараз борлигини билдирди.

«Кадастр ҳужжати — техник ҳужжат. Аввал, солиққа тортиш мақсадида шу каби техник ҳужжатлар қилиб берилган. Шу масала юзасидан, кўп жойларга борганимизда, раҳбарлар ҳам кадастр ҳужжатини яхши англамайди. Унда ёзиб қўйилганки, бу ҳужжат эгалик қилиш ҳуқуқини бермайди, бу — техник ҳужжат. Агар ўша жой бирор шахс томонидан ҳокимнинг қарори ё тегишли олди-сотди ҳужжати орқали қўлга киритилмаган бўлса, уни эгалик қилиш ҳуқуқи пайдо бўлмайди», — деди у. 

Тўрахўжаевнинг айтишича, кадастр ҳужжати тайёрлангани учун ташкилот моддий манфаат кўради. Аммо ҳужжат тайёрлаб берилмаган тақдирда, хизмат кўрсатилмагани учун белгиланган сумма оқими камаяди.

«Кадастр ҳужжатини ушбу мақсадларда чизиб беришни тақиқладик. Солиққа тортиш важидан маълумот керак бўлса, қурилмалар ҳақида маълумот берувчи далолатнома тузиш жорий этилди. Далолатнома кадастр ҳужжати эмас, шунингдек одамларда ҳам янглиш фикр пайдо бўлиши камаяди», — дейди у. 

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди.

Фармонга кўра, Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Ушбу агентлик ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳам кўриб чиқади. Кадастр органлари эндиликда фақат ернинг ҳисобини юритиш билан шуғулланади.

Қишлоқ хўжалиги ерларини ривожлантириш, хусусан, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш, геоботаник тадқиқотларни амалга ошириш вазифалари уларнинг ҳақиқий эгаси – Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилмоқда.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид